Ўзбекистон нафақат цивилизациялар бешиги, балки замонавий саноат мамлакати ҳамдир – сингапурлик инвестор

09.07.2020 14:24

Сингапурнинг машҳур компанияларидан бири — «Alpha Global Capital (S) Pte Ltd» (AGC) Ўзбекистон бозорида фаолият юритишга қарор қилганига кўп бўлгани йўқ. Шу ўринда савол туғилади: компаниянинг Ўзбекистонга  сармоя киритишга қайси омиллар ундади?

«Дунё» АА мухбири шу ва бошқа саволларга жавоб олиш учун компания раҳбари Моҳд Харис Тумин билан суҳбатлашди.

– Ўзбекистонда бизнес бошлашга ундаган сабаб ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Ўзбекистон, унинг тарихи, мамлакатингиз цивилизациялар бешиги экани ҳамда дунёга машҳур ислом уламоларининг шу заминдан етишиб чиққани ҳақида кўп эшитганмиз. Шу билан бирга, бугунги кунда мамлакат дадил ва тадрижий иқтисодий юксалмоқда. Айни шу омиллар табаррук заминда бизнес юритишга ундади.

Бундан ташқари, МДҲ минтақавий бозорида ўсиш истиқболлари,  Европа, Яқин Шарқ ва Африка билан алоқаларнинг мустаҳкамланаётгани, шунингдек, Ўзбекистоннинг табиий ресурсларга бойлиги, қишлоқ хўжалигининг замонавий ривожланаётгани, энг асосийси, ўзбек халқининг меҳнатсеварлиги Ўзбекистонда иш бошлаш ҳақида қарор қабул қилишга сабаб бўлди.

– Компаниянгиз Ўзбекистон иқтисодиётининг қайси соҳаларига инвестиция киритишни режалаштирган?

— Компания  делегацияси 2019 йилнинг февралида мамлакатдаги сиёсий, иқтисодий вазиятни ўрганиш учун Ўзбекистонда бўлди. Ўрганишлар натижасидан сўнг Ўзбекистонда инвестиция фаолиятини бошлашнинг истиқболли йўналишларида лойиҳаларни амалга оширишни бошлаш тўғрисида аниқ  хулосага келдик. Булар ҳалол маҳсулотларни сертификатлаш марказини яратиш, Сингапур халқаро ташиш учун транзит маркази эканини ҳисобга олиб, АСЕАН мамлакатлари учун «Uzbekistan airways» авиакомпанияси кўмагида ҳаво транспорти ва юк ташишни кенгайтириш, маиший чиқиндилар ва саноат сувларини қайта ишлаш лойиҳаларидир.  Ўзбекистонда карантин чоралари якунлангач  инвестиция лойиҳаларини ишга туширишга киришамиз. Мазкур корхоналарнинг ташкил этилиши натижасида мамлакатингизда кўплаб янги иш ўрни яратилади.

– Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликда муваффақиятга эришишда қайси жиҳатларни муҳим деб биласиз?

— Ўзбекистонда истиқомат қилаётган инсонлар илмли, меҳнатсевар ва меҳмондўст. Табиий ресурсларга бойлиги, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвесторларга берилаётган имтиёз ва бошқа омиллар Ўзбекистонда бизнесимизнинг муваффақиятли кечиши учун имконият яратади.

Ўйлайманки, Ўзбекистон ҳукумати ва мамлакатингизнинг Сингапурдаги элчихонаси фаолиятимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон тараққиётида, унинг янада ривожланишида иштирок этиш имкониятини яратиб бергани учун мамлакат раҳбариятига ўз миннатдорлигимни билдираман.

– Режаларингиз билан ўртоқлашганингиз учун ташаккур. Келгуси суҳбатимиз лойиҳаларнинг илк муваффақиятли натижалари ҳақида давом этишига умид қиламиз.

— Самимий тилаклар учун сизга ҳам ташаккур.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net