Ўзбекистон Марказий Осиёдаги иқтисодий тараққиёт марказига айланмоқда — канадалик ишбилармонлар

25.04.2020 14:27

ВАШ?НГТОН, 25 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасининг Канададаги элчихонаси (қароргоҳи Вашингтонда), Россия ва Евросиёдаги Канада бизнес уюшмаси (CERBA) билан биргаликда ушбу уюшманинг фаол аъзолари бўлган Канада компаниялари ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун брифинг ташкил қилди, дея хабар бермоқда «Дунё» мухбири.

Тадбирда «Condor Petroleum Inc», «Alberta», «Viking Air Ltd», «B2Gold», «AMC Consultants», «Wenco Mining» каби 80дан ортиқ компаниянинг вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизнинг Канададаги элчиси Жавлон Ваҳобов Ўзбекистон раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳити жозибадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотларнинг мазмуни, шунингдек, коронавирус пандемияси ҳамда унинг оқибатида юзага келган глобал инқирознинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида сўзлаб берди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Канада компаниялари эркин иқтисодий зоналар, тоғ-кон саноатида замонавий технологиялар ва инновацияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш соҳасида ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олди.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, маҳаллий ва хорижий компаниялар фаолиятини рағбатлантириш, шунингдек, коронавирусга қарши курашиш даврида аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.

CERBA компанияси директори Жон Слоан Ўзбекистон Марказий Осиёда иқтисодий тараққиёт марказига айланиб, жадал ривожланаётганини таъкидлади. У CERBA аъзоларини республикадаги фаолиятини кучайтиришга чақирди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда хорижий бизнес учун энг қулай шароитлар яратилган ва Канада компаниялари ушбу истиқболли бозорга сармоя киритишда «ушбу имкониятдан кенг фойдаланиши» керак.

Тадбир иштирокчилари  томонидан мамлакатда иқтисодий эркинлаштириш ва чет эллик сармоядорлар учун қулай шарт-шароитлар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, савдо-сотиқ, қишлоқ хўжалиги, IТ, машинасозлик ва хизмат кўрсатиш соҳаларида алоқаларни кенгайтириш учун янги имкониятлар очилаётгани таъкидланди.

Видеоконференцияда, шунингдек, Ўзбекистоннинг давлат ва хусусий шериклик асосида республикада йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш режалари муҳокама қилинди.

Канада компаниялари маҳаллий мутахассисларнинг Ўзбекистонда бизнес юритиш шартлари бўйича билим ва кўникмаларини оширишга, шунингдек, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига бағишланган қўшма тадбирларни ўтказишга қизиқиш билдирди.

Дипломатик ваколатхонамиз вакилларининг таъкидлашича, Канада бизнес вакиллари Ўзбекистон билан савдо ва инвестиция соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор ва республикада истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр.

Брифинг натижалари бўйича 30 апрель куни Канадада CERBA компанияси билан ўзбек халқ амалий санъати маҳсулотларининг видеокўргазмасини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди. Унда Канада томонидан 20 дан ортиқ чакана сотувчилар ва якка тартибдаги тадбиркорлар иштирок этади.

Тадбирда «Ҳунарманд» ва «Ўзбектўқимачиликсаноат» уюшмалари вакиллари қатнашиши кутилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net