Ўзбекистон коррупцияга қарши муросасиз курашмоқда

05.03.2020 12:25

ТОШКЕНТ, 5 март. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, сўнгги ўзгаришлар, очиқлик сиёсати халқаро жамоатчиликнинг диққат марказида бўлиб турибди. Хорижий экспертлар Ўзбекистон ривожланиш сари дадил одимлаётганини эътироф этишмоқда. Бу ўз навбатида юртимиз иқтисодиётига киритилаётган инвестициялар ва сайёҳлар оқимининг ошишида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Албатта, халқаро жамоатчилик томонидан билдирилаётган фикрлар биз учун муҳим. Аммо биринчи навбатда одамларимизнинг ислоҳотларга бўлган эътиборини ҳам унутмаслик керак. Жойларда ислоҳотлар самарасини кўриш учун барча бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилса, дахлдорлик туйғуси билан яшаса тараққиёт тезлашади, аҳолининг турмуш тарзи фаровонлашади.

Тўғри ҳали Ўзбекистон иқтисодиётини кўтариш учун жуда кўп ишлар амалга оширилиши керак. Буни давлатимиз раҳбари ҳар гал такрорлайди. Жумладан, Предентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам  мамлакатни янада ривожлантириш бўйича барча соҳаларда аниқ чора-тадбирларни белгилаб берилди.

Мурожаатномада мамлакат тараққиётини ошириш учун биринчи галда таниш-билишчилик, коррупцияга барҳам беришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари этиб сайланган илк кунлардан бошлаб коррупцияга қарши қатъий курашишни бошлади, дейишга тўла ҳақлимиз. Чунончи, 2017 йил Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилингани фикримизни тасдиқлайди. Мазкур қонун жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва унга қарши курашишда муҳим қадам бўлди. Шу билан бирга ушбу меъёрий ҳужжат коррупцияга карши курашиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатининг мақсадли ва тизимли йўлга қўйилиши учун ҳуқуқий замин яратди.

Мазкур ҳужжат соҳани тартибга солувчи, унинг ташкилий-ҳуқукий механизмлари ҳамда давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб берувчи тизимлаштирилган яхлит қонун ҳужжати бўлди.

Хусусан, унда белгиланган давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, конун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, давлат хизматини тубдан такомиллаштириш билан боғлиқ вазифаларнинг мақсади, энг аввало, барча соҳаларда коррупцияга барҳам бериш, унинг илдиз отишига шароит яратаётган сабабларни бартараф этишдан иборат.

Олий Мажлис палаталарида коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталар ташкил этилгани ушбу соҳада самарали парламент назоратини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.  Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишнинг ҳуқуқий асослари яратилди ва барча давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизматлар ташкил этилди. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция омилларини келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф қилишга қаратилган 20 га яқин қонун, 50 га яқин Президент ва ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

 Аслида аҳолининг энг асосий норозилиги коррупция ва таъмагирлик билан боғлиқ. Давлат органларига учраётган бу иллат, афсуски, амалга оширилаётган ислоҳотларга тўсиқ бўлмоқда. Коррупция тараққиётга ғов. Унинг турли кўринишлари жамиятимизни йиллар давомида емириб келди.

Давлат органларида инсон омилини камайтириш юзасидан амалий чора-тадбирлар бажарилмоқда. Жумладан, Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлигининг ташкил этилиши муҳим қадам бўлди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини рўёбга чиқариш, шунингдек, аҳолининг ҳаёт даражасини ошириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнесни ривожлантириш мақсадида давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини сифат жиҳатидан янги даражага ўтказиш жадал суръатларда амалга оширилмоқда.

Қисқа вақт оралиғида «ягона дарча» тамойили бўйича кўрсатилаётган давлат хизматлари сони 130 дан ортди, хизматдан фойдаланиш учун мурожаат қилаётган фуқаролар сони эса 50 баробарга ошди. Бунда кўрсатиладиган давлат хизматлари кўрсаткичи қўшимча давлат хизматлари жорий этилиши муносабати билан яна икки баробар ортиши кутилмоқда.

Аввал фуқаролар оддий бир маълумотномани олиш учун турли идораларда ҳафталаб навбат кутишган бўлса, бугун бундай иллатларнинг олди олинмоқда. Давлат хизматлари орқали бундай умушлар сониялар ичида ҳал этиляпти.

Шунингдек, аввал амалиётда бўлган элликдан ортиқ маълумотномани талаб қилиш ва бериш таъқиқланди.

Бунда халқ оғирини енгил қилиш, уларга «давлат-фуқаро» муносабатларида қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида давлат раҳбари томонидан давлат хизматлари кўрсатишнинг янги концепцияси илгари сурилди. Бу эса ўз-ўзидан аҳолининг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга имкон бермоқда. Давлат ҳокимияти тизимида мутлақо янги институт — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойларда Халқ қабулхоналари ташкил этилгани ҳам барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фуқаролар билан ҳамкорлик қилиш, аҳолининг долзарб муаммоларини самарали ва тез ҳал этишнинг янги тизимига айланди.

 Одамлар кўп мурожаат қиладиган соғликни сақлаш, қурилиш, таълим соҳаларида қатор ўзгаришлар қилинмоқда. Ушбу йўналишларда таъмагирлик ва коррупцияга барҳам бериш учун соҳа ходимларининг ижтимоий таъминоти оширилди. Шундай бўлсада мазкур соҳаларда коррупция даражаси юқорилигича қолмоқда.

Халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифалар коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимли чоралар кўрилишини тақозо этмоқда. Шулардан бири Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 27 майдаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида қайд этилган қурилиш ва таълим соҳасида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга оширишдир. Фармоннинг 2-иловасига асосан Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси раиси — Ўзбекистон Бош прокурори томонидан «Капитал қурилиш ва таълим соҳасида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш бўйича йўл харитаси қабул қилинди.

Бош прокуратура раҳбарлигида вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, чора-тадбирларни амалга ошириш механизмлари ишлаб чиқилди.

Хусусан, Тошкент вилоятида қурилиш соҳасида фаолият юритаётган буюртмачилар, лойиҳачилар, назорат инспекцияси ходимлари, пудратчи ташкилотлар ва тадбиркорлар иштирокида қурилиш соҳасидаги коррупциявий вазиятни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида “давра суҳбати” ташкил этилиб, ўтказилган аноним сўров натижалари бўйича йўналишлар белгиланди. Бундай аноним сўровлар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ўтказилиши таъминланаяпти.

Соҳадаги камчиликлар, коррупциявий ҳолатлар бўйича аҳолининг фикрини аниқлаш мақсадида ишчи гуруҳ ихтиёрий танлов асосида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётган объектларга бориб, тадбиркорлар ва қурувчилар ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказмоқда.

Шунингдек, капитал қурилиш соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни инвентаризация қилиш ва улардаги коррупцияни келтириб чиқарувчи нормаларни аниқлаш мақсадида экспертизадан ўтказиш ишлари бошлаб юборилган. Ушбу фармон юртимизда коррупциянинг батамом бартараф этилишига хизмат қилади, албатта.

Олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича ҳам қатор вазифалар белгиланган. Уларнинг ижросида тегишли мутасадди вазирликлар, олий таълим муассасалари ректорлари, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари  фаол иштирок этмоқда.

Олий таълим тизимидаги таъмагирлик ва порахўрликнинг илдиз отиб кетганилиги давлатимиз раҳбари томонидан кескин танқид қилинмоқда. Ўз навбатида мамлакатимизда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, унинг сифати ва самарадорлигини ошириш, олий ўқув юртларига қабул жараёнининг шаффофлигини таъминлаш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Сўнгги уч йилда олий таълим соҳасига оид 200 дан ортиқ қонун ҳужжатларининг қабул қилинганлиги, 6 та олий таълим муассасаси, 17 та филиал ва 14 та хорижий олий ўқув юртларининг янгидан ташкил этилганлиги, бунинг натижасида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 20 фоизга ошгани соҳага бўлган эътибор нақадар юқори эканидан далолатдир.

Шунингдек, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Унинг доирасида коррупцияга қарши курашиш ва шаффофликни таъминлашнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш, ушбу иллатнинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш, олий таълим муассасаларида тажрибали, ҳалол, пок виждонли, масъулиятли профессор-ўқитувчи ва ходимлар сафини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Олий таълим муассасаларининг жамият олдидаги ҳисобдорлиги ва таълим сифатини таъминлашдаги масъулиятини ошириш, профессор-ўқитувчилар билан талабалар ўртасидаги бюрократик унсурларни бартараф этиш масалаларига бағишланган халқаро тажриба ўрганилмоқда.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб, хорижий ўқув юртлари билан ҳамкорликда талабаларни ўқитиш ва икки томонлама тан олинадиган диплом бериш амалиёти жорий этилди. Бу ҳам турли суистеъмолчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Ўтган давр мобайнида соҳада бу иллатга қарши курашиш йўлида барча ресурслар ишга солинмоқда, сезиларли натижаларга эришилмоқда. Лекин ҳали олдинда қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Албатта, бундай саъйи-ҳаракатларни  изчил давом эттириш, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига барҳам беришга хизмат қилмай қолмайди.

Олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашишга қаратилган амалдаги ҳуқуқий механизмлар, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибадани ўрганган ҳолда профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ҳуқуқий маданиятни ошириш долзарб масала ҳисобланади.

Бунда  биринчи  навбатда талабаларни ўқишга қабул қилиш, таълим олиш ва ходимларни ишга қабул қилишда коррупцион ҳолатларни олдини олишга ахборот технологияларидан умумли фойдаланиш зарур.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сўнгги уч йилда Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларида сўз эркинлигини таъминлаш, журналистларнинг эркин фаолият олиб бориши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, фуқаролик жамиятини ролини ошириш бўйича қилинаётган амалий ишлар коррупция ҳолатларининг барвақт олдини олишда муҳим аҳамият касб этаяпти. Коррупцион ҳолатларнинг бартараф этишнинг муҳим воситаси - бу жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳисобланади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 65та бошқарув тизимларида коррупцияни жиловлашнинг ички идоравий чекловларини жорий этиш бўйича ишлар кетяпти. Бу масалага Адлия вазирлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи барча идоралар, жамоат ташкилотлари, қолаверса ўша тизимнинг бошқарув структуралари тўлиқлигича сафарбар қилинган.

Яна Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасига қайтсак. Ушбу дастуриламал ҳужжатда давлатимиз раҳбари корруппцияга қарши кураш агентлигини ташкил этиш таклифини илгари сурди. Бу фикр ўз-ўзидан бирдан янграгани йўқ. Бу ғоя йиллар давомида  пухта ўйланган таклиф эди. Ушбу Агентликнинг ташкил этилиши мамлакатимизда коррупцияга оид ҳар қандай ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, чек қўйиш, унинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга хизмат қилади.

Жобир ХЎЖАҚУЛОВ

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net