Ўзбекистон коронавирусга қарши кураш учун 720 миллион доллардан зиёд маблағ сарфлади – «Анадолу» ахборот агентлиги

11.05.2020 12:39

АНҚАРА, 11 май. /«Дунё» АА/. Covid-19 пандемияси оқибатларини юмшатиш бўйича Ўзбекистон раҳбарияти томонидан олиб борилаётган фаол чора-тадбирлар хорижий оммавий ахборот воситаларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Жумладан, Туркиянинг етакчи ахборот агентлиги «Анадолу» «Ўзбекистон коронавирусга қарши кураш учун 720 миллиондан ортиқ маблағ сарфлади» сарлавҳали мақоласида ушбу маблағлар республиканинг ?нқирозга қарши кураш жамғармаси ва халқаро молия институтларидан ажратилганини айтиб ўтади.

Таъкидланишича, коронавирусга қарши курашга ?нқирозга қарши кураш жамғармасидан 2,25 триллион сўм ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 500 миллион доллар йўналтирилган. Шу билан бирга, Туркия оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда коронавирус билан оғриган беморларнинг 66 фоиздан ортиғи тўлиқ соғайгани, карантиндаги беморларнинг 83 фоизи уйларига қайтганини айтади.

“Анадолу” агентлигининг келтиришича, мамлакат раҳбарияти шифохоналарда қолган 740 беморни даволаш, соғлиғини тиклаш ва оилаларига қайтариш учун барча чораларни кўрмоқда.

Агентликнинг ушбу мавзуга бағишланган иккинчи мақоласи «Ўзбекистон 11 минг нафар фуқарони чет элдан қайтаришни режалаштирмоқда» сарлавҳаси остида нашр этилди. Унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ҳаммага маълумки, кўп давлатларда Ўзбекистон фуқаролари бор. Биз ҳозир тизимли равишда, имкониятимизга қараб уларни олиб келишимиз керак. Россия, Туркия, Дубай ва бошқа жойлардан олиб келишни бошладик ҳам. Улар орасида қийналганлари бор. 11 мингга яқини анча қийналган. Режа қилиб, биринчи навбатда уларни олиб келиш бўйича чоралар кўряпмиз», деган фикрлари келтирилган.

Шунингдек, манбада айни пайтда Ўзбекистонда 45 минг одам карантинга олингани қайд этилган. Бошқа давлатлардан чартер рейсларда ўз ватанига қайтиб келганлар орасида коронавирус билан касалланганлар борлиги қайд этилади. Шу сабабли хорижда бўлиб турган фуқароларни ватанга қайтаришда эҳтиёткорлик чораларини кўриш зарурлиги эслатиб ўтилади.

«Ўзбекистон раҳбарияти қийинчиликларга қарамай коронавирусни енгишга катта куч сарфламоқда ва мамлакатнинг янада равнақ топиши учун конструктив мулоқотни давом эттирмоқда», дейилади мақола сўнгида.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net