Ўзбекистон иқтисодиёт ва туризм соҳасида Франция рақамли ёндашуви билан қизиқмоқда

05.02.2020 10:18

ПАР?Ж, 5 февраль. /«Дунё» АА/. Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори К.Шарипов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Францияда бўлди. Сафар чоғида ушбу мамлакат университетлари билан ҳамкорлик ўрнатиш масалалари юзасидан қатор учрашув ва музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Хусусан, Страсбург университети ректори М.Денекен билан суҳбатда иқтисодиёт ва менежмент соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича Франция тажрибасини ўрганиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Франция университети ректори Тошкент давлат иқтисодиёт университети магистрантлари учун «Рақамли иқтисодиёт» ихтисослиги бўйича курслар ташкил этишни таклиф қилди.

Мулоқот якунида ўзаро ҳамкорликнинг яқин муддатларга мўлжалланган асосий йўналишлари бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолаш учун Страсбург университети раҳбариятининг шу йил баҳор фаслида Ўзбекистонга сафарини ташкил этишга келишиб олинди.

Биринчи Париж университети Пантеон Сорбоннанинг Туризм бўйича олий таълим илмий-тадқиқот институти директори Ф.Коминелли билан кечган учрашувда туризм соҳасида жаҳон меҳнат бозори ривожланишининг жорий ҳолати муҳокама қилинди.

Суҳбат асносида Франция вакиллари Ўзбекистон талабаларини “Рақамли туризм” дастурида ўқишга қабул қилишга тайёр эканини билдирди. Шунингдек, Тошкент давлат иқтисодиёт университети магистрантларини Париж университетининг Швейцария ва Грециядаги ҳамкор университетларидан бирига ўқишга юбориш масалалари муҳокама қилинди. Талабаларга икки диплом бериш тизими бўйича ҳамкорлик таклиф этилди.

Мамлакатимиз делегацияси, шунингдек, пазандалик бўйича нуфузли «Le Cordon Bleu» мактаби вакиллари билан ҳам музокаралар ўтказди. Унда  «Пазандачилик» ва «Ресторан иши» йўналишлари бўйича кадрларни тайёрлаш масалаларида ўзаро тажриба алмашиш юзасидан фикр алмашилди.

Француз мактаби раҳбарияти Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор, жаҳон сайёҳлик бозоридаги ривожланишнинг жорий ҳолати нуқтаи назаридан, Ўзбекистон университетлари билан ҳамкорлик ўрнатишга тайёрлигини билдирди.

Музокаралар якунида томонлар «Le Cordon Bleu» мактаби ўқитувчиларининг Ўзбекистонда маҳорат дарсларини ўтказиш, Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаларининг Франция олий ўқув юртлари ёзги мактабларида амалиёт ўташларини ташкил этишга келишиб олинди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети делегацияси бизнесни инновацион ғоялар асосида ривожлантириш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида дунёнинг етакчи стартап-инкубатори «Station F»  марказида ҳам бўлди.

Бу ерда улар стартап-марказ томонидан Франция ва жаҳонда амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Делегация аъзолари ёш стартаплар ўз ғоя ва янги лойиҳаларини тақдим этадиган тренинг ва семинарларда иштирок этди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net