Ўзбекистон ҳукумати билан Россиядаги ўзбек диаспораси ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот бўлиб ўтди

10.08.2020 18:43

ТОШКЕНТ, 10 август. /«Дунё» АА/. /. 8 август куни Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг аъзолари, вазирлик, идора ва хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ҳамда 70 дан ортиқ ўзбек диаспораси ташкилотлари (юртдошлар уюшмалари) раҳбарлари ва вакиллари иштирокида видеоконференция ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳукумати ва ватандошлар ўртасида бу каби шаклда мулоқот Россияда илк бор ўтказилмоқда. Асосий мақсад - мавжуд масала ва муаммоларни очиқ муҳокама қилиш, конструктив фикр алмашиш ва таклифларни амалга ошириш бўйича истиқболли ҳамкорликни ривожлантириш.

Анжуманда пандемиянинг бугунги ҳолати билан боғлиқ мавзулар, Россиядаги ўзбек диаспорасининг масала ва таклифлари муҳокама қилинди. Тезкор ечимларни талаб қиладиган масалалар юзасидан чора-тадбирлар белгиланиб, масъул ижрочилар тайинланди. Бундан ташқари, юртдошларимиз билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришнинг узоқ муддатли йўналишлари ҳам муҳокама қилинди. Ўзбек диаспораси вакиллари Россия Федерациясида яшаш ва меҳнат қилиш шароитларини яхшилаш, мамлакатлар ўртасида маданий алмашинувни кучайтириш ва ҳуқуқий ҳимоя тизимини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ ғоя ва таклифларни тилга олди.

Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси ўтган йилнинг август ойида ватандошлар жамоатчилик Кенгашини тузиш ташаббуси билан чиққан эди. Унинг фаолияти чет элдаги Ўзбекистонликларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришда юртдошларимиз салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга қаратилган.

Видеоконференция иштирокчилари чет элда яшаётган ватандошлар билан ҳамкорлик қилиш йўналиши бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг қабул қилинган концепциясига кўра, ватандошларни бандлик, ижтимоий, молиявий, ҳуқуқий ва бошқа жиҳатлардан қўллаб-қувватлаш механизмларини назарда тутувчи батафсил дастур ишлаб чиқилаётганлигини таъкидлади.

Мулоқот якунида бир қатор келишувларга эришилди.

Жумладан:

- меҳнат миграцияси соҳасидаги жараёнларнинг самарадорлигини ошириш, пандемия шароитида мигрантларнинг бандлигини ва уларнинг Россия Федерациясида бўлишини таъминлаш масалаларининг ечимларни топиш;

- мигрант ишчиларнинг чет элга кетишидан олдин меҳнат қилиш учун тил ва касб бўйича тайёрлаш;

- хориждаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш;

- меҳнат миграциясига кетган фуқароларни суғурта қилиш орқали ҳимоялаш механизмларини яратиш;

- инвестиция ва бизнес лойиҳаларида ватандошлар билан ҳамкорлик қилиш, таълим, фан, маданият ва ижтимоий ташаббуслар бўйича тажриба алмашиш;

- Ўзбекистонда хориждан келган ватандошлар томонидан тадбиркорлик, илмий, маърифий ва маданий фаолиятни амалга оширилиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

- хориждаги ватандошлар билан ҳамкорликда амалга ошириш учун ўзбек маданияти ва тили, санъати, анъаналари ва ўзбек миллий пазандачилик санъатини ва сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш дастурини ишлаб чиқиш.

Видеоконференциялар шаклида ҳам, кейинчалик чет элдаги элчихона ва консулликларда «Очиқ кунлар» форматида ҳам Республиканинг тегишли вазирликлари, идоралари ва дипломатик ваколатхоналари раҳбарларини жалб этган ҳолда ватандошлар билан бундай тадбирларни ўтказиш амалиёти мунтазам бўлиб қолади.

Шунингдек, Республика давлат органлари, дипломатик ваколатхоналари ва хориждаги ватандошлар уюшмалари ўртасида тезкор ва тўсиқсиз фикр ва ахборот алмашинувини йўлга қўйиш учун мессенжерлар, ижтимоий тармоқлар ва виртуал мулоқотнинг бошқа усулларидан фойдаланиш ҳам режалаштирилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net