Ўзбекистон – Германия: Самарали ҳамкорликнинг кенг истиқболлари

11.03.2021 12:54

ТОШКЕНТ, 11 март. /«Дунё» АА/.  Ўзбекистон мустақилликка эришгач, жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашув бўйича саъй-ҳаракатларни жадал бошлаб юборди. Етакчи хорижий давлатлар билан тенг ва ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатиш ёш республикамиз суверенитетини мустаҳкамлаш, миллий ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, барқарор иқтисодий тараққиёт, эркин демократик давлат қуриш учун қулай шарт-шароитлар яратишда муҳим роль ўйнади. Ўзбекистон учун ана шундай ишончли ҳамкорлардан бири – 1991 йил 31 декабрь куни республикамиз мустақиллигини тан олган Германиядир. ?кки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 6 март куни ўрнатилган.

Бугунги кунда Ўзбекистон-Германия кўп қиррали муносабатлари барча соҳаларда тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли шериклик ва ҳамкорлик тусини олди.

Айни пайтда ўзаро муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси шакллантирилган бўлиб, у 140 дан ортиқ ҳужжатни ўз ичига олади.

Давлатлар ўртасидаги сиёсий мулоқот олий ва юқори даражаларда амалга оширилмоқда. Ўтган вақт мобайнида 7 та олий  даражадаги ташриф ўтказилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 20-22 январь кунлари Германияга расмий ташрифи ва ушбу мамлакат раҳбарияти билан Берлинда ўтказилган самарали музокаралар, шунингдек, Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг ўша йилнинг 27-29 май кунлари Ўзбекистонга жавоб ташрифи кўп қиррали ва узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорликка кучли туртки берди.

 Ўзбекистон ва Германия ўртасида глобал ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича конструктив ҳамкорлик кўп томонлама шаклларда, яъни БМТ, ЕХҲТ ва бошқа ташкилотлар доирасида ҳам амалга оширилмоқда. Тошкент ва Берлин кўплаб масалаларда, жумладан, терроризмга қарши курашиш, уюшган жиноятчилик, наркотрафик ва Афғонистондаги вазиятни ҳал этиш бўйича ўхшаш ёки яқин позицияларга эга.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Германия Бундестаги билан ҳамкорлик бўйича “Ўзбекистон–Германия” гуруҳи мавжуд. Германия парламентида эса “Германия–Марказий Осиё” парламент гуруҳи фаолият юритиб келмоқда.

Ўзбекистон ва Германия ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар икки томонлама муносабатларнинг бугунги кун тартибини муҳокама қилишнинг самарали механизми ҳисобланади.

Конрад Аденауэр ва Фридрих Эберт жамғармалари, Германия Адлия вазирлиги қошидаги халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти кўп йиллардан буён Ўзбекистондаги ташкилотлар билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиб, турли ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Фуқаролик жамиятини ривожлантириш, ҳуқуқшунослик, суд-ҳуқуқ масалалари, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги алоқалар жадал ривожланмоқда

Ўзбекистон билан Германия ҳамкорлигининг энг муҳим йўналиши савдо ва сармоялар соҳасидир. ?кки мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларида энг кўп қулайлик режими ўрнатилган бўлиб, 2020 йил якунига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 828,8 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Савдо ва инвестициялар бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳи, шунингдек, Германия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши икки мамлакат ишбилармон доиралари манфаатларини илгари суриш бўйича самарали фаолият олиб бормоқда. Шубҳасиз, бу кутилган натижаларни бермоқда ва немис бизнес ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда немис сармоядорлари иштирокида тузилган 100 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Самарали сармоявий ҳамкорликнинг ёрқин намунаси ўлароқ республикада жаҳонга машҳур немис концернлари билан кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилаётганини қайд этиш мумкин. Улар орасида – «MAN» компанияси билан биргаликда замонавий юк машиналари ва автобуслар, «CLAAS» ва «Lemken» компаниялари билан қишлоқ хўжалиги машиналари, «Knauf» компанияси билан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани ва бошқаларни алоҳида таъкидлаш мумкин.

Маданий-гуманитар алоқалар Ўзбекистон-Германия мулоқотининг ривожланишида алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистонда немис маданиятини ўрганишга қизиқиш катта бўлиб, немис тили кенг оммалашган. Бугунги кунда республикамиздаги мактаб ва бошқа таълим муассасаларида 300 мингдан ортиқ ёшлар немис тилини ўрганмоқда.

Гёте институти, Германия Халқ университетлари ассоциациясининг Халқаро ҳамкорлик институти ва Хориждаги мактаблар марказий бюроси ваколатхонаси муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.

Гуманитар соҳадаги Ўзбекистон-Германия ҳамкорлиги натижалари ҳақида сўз юритганда, немис хайрия ташкилотлари томонидан Ўзбекистонга Германия клиникаларида бемор ва жароҳатланган ўзбек болаларини бепул даволашни ташкил этиш йўлга қўйилганини, шунингдек, республикамиз клиникаларини зарур тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлашда кўмаклашаётганини қайд этиш лозим. «Friedensdorf International» халқаро хайрия ташкилоти ва “Соглом авлод учун” жамғармаси томонидан мунтазам равишда гуманитар акция ўтказиб келинмоқда. Ушбу хайрия акцияси доирасида ўзбекистонлик бемор болалар даволаниш учун Германияга юборилмоқда.

Дунёда мамлакатлар ҳамкорлигининг бугунги босқичида халқ дипломатияси механизмларидан кенг фойдаланилади. Бу самарали ёндашув Ўзбекистон – Германия алоқаларида ҳам устунлик касб этади. Хусусан, Тошкент ва Берлин, Бухоро ва Бонн биродарлашган шаҳар мақомига эга. Ушбу ҳамкорлик доирасида маданият ва таълим соҳаларидаги алмашувлар ҳамда барқарор ривожланишга доир лойиҳалар самарали амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда яшовчи этник немислар ўз маданияти ва миллий анъаналарини кўз қорачиғидек асраб-авайлаган ҳолда, Германия билан яқин алоқаларни сақлаб келмоқда. Республикамизда немис миллатига мансуб фуқаролар нафақат кўп миллатли жамиятимизнинг ажралмас қисми сифатида, балки икки давлатни боғловчи кўприк сифатида ҳам қаралади.

Хулоса қилиб шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 12 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Канцлери Ангела Меркелнинг онлайн-саммити ишга солинмаган имконият ва ресурслардан самарали фойдаланиш, шунингдек, кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш учун умумий ёндашувларни ишлаб чиқишга янги туртки бўлиб хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net