Ўзбекистон Эстония таълим тажрибасини ўрганиш учун махсус лойиҳасида иштирок этади

22.05.2020 13:45

ТОШКЕНТ, 22 май. /“Дунё” АА/. Таълим инспекцияси раҳбарияти Эстония фан-таълим вазирлиги ҳузуридаги “?ннове” таълимни ривожлантириш ташкилоти вакили, ривожланаётган давлатларга Эстония таълим тажрибасини таништириш лойиҳаси раҳбари Анна Силем хоним билан видеоконференция тарзида мулоқот қилди.

Онлайн учрашувда таълим тизимини ривожлантириш борасида самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, Эстониянинг халқаро баҳолаш тадқиқоти “П?СА”даги муваффақиятли иштироки билан яқиндан танишиш учун юртдошларимизнинг мазкур мамлакатга ташрифини ташкил қилиш юзасидан фикр алмашилди.

Таълим инспекцияси раҳбари Улуғбек Тошкенбоев хорижлик мутахассисларга онлайн мулоқот учун миннатдорлик билдирди. Ташкилот томонидан таълим соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар ва Миллий баҳолаш маркази фаолияти, шунингдек, халқаро баҳолаш тадқиқотларига тайёргарлик жараёнлари ҳақида маълумот берди. У Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик бўйича устувор режалар ҳақида тўхталар экан, бу борада Эстония, Финляндия каби давлатларнинг таълим тизими билан яқиндан танишиш, ўқув жараёнлари, таълим сиёсати, ташкилий ишлар борасида тажриба алмашиш аҳамиятли эканини таъкидлади.

Ўз навбатида, Анна Силем хоним Ўзбекистонда таълим сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Эстония Фан-таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган махсус лойиҳа ҳақида фикр билдириб, унинг 2018-2020-йилларга мўлжалланган экани, ҳозирги кунга қадар 5 та мамлакат ушбу имкониятдан фойдалангани ҳамда мамлакатимиз ушбу лойиҳанинг навбатдаги иштирокчиси бўлишини маъқуллади.

Учрашув якунида лойиҳа доирасида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда уларни қисқа фурсатларда амалиётга татбиқ этишга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net