Ўзбекистон — Чехия: ҳамкорлик истиқболлари ва фаол муносабатлар муҳокама қилинди

24.06.2020 15:22

ТОШКЕНТ, 24 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Чехия Республикаси парламентининг Депутатлар палатаси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳининг биринчи онлайн учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Қонунчилик палатаси манбасига асосланиб.

Онлайн учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва Чехия парламентининг Депутатлар палатаси Спикери ўринбосари Войтик Филип ҳамда  Ўзбекистон ва Чехия элчихоналари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Чехия парламенти билан ҳамкорлик гуруҳи раиси Aктам Ҳаитов ҳамкорликнинг истиқболлари билан боғлиқ фикрларини билдирди.

Учрашув давомида дунёда коронавирус тарқалиши кўлами билан боғлиқ хавотирлар билдирилди. Томонлар Ўзбекистон ҳамда Чехияда ушбу глобал таҳдидга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот бериб ўтишди. Пандемия салбий оқибатларининг олдини олиш, коронавирусга қарши курашишда парламент аъзоларининг алоҳида ўрни таъкидланди.

Мулоқот чоғида давлатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, халқаро ташкилотлар доирасида томонлар бир-бирларини қўллаб-қувватлаши, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, маданий ва гуманитар алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлашда эришилган натижаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Томонлар ўзаро манфаатли кенг кўламли масалаларни қамраб олган парламентлараро ҳамкорликни келажакда ҳам давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқлашди. Хусусан, туризм, икки мамлакат парламентларининг аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмиталарининг чорвачилик ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари экиш соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.  

Музокаралар давомида парламентлараро алоқаларни янада чуқурлаштириш муҳимлиги таъкидланди. Боиси, айнан парламент вакиллари икки томонлама ҳамкорликни барча соҳаларда янада кенгайтириш учун халқаро шартномаларни ратификация қилишда муҳим роль ўйнайди.

Шу сабабли, пандемиянинг икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларига салбий таъсирининг олдини олиш учун парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Келгусида икки мамлакат ташаббусларини халқаро, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЕХҲТ, Парламентлараро иттифоқ ва бошқа ташкилотлар доирасида қўллаб-қувватлаш бўйича томонлар ягона фикрга келди.

Парламент аъзолари икки мамлакат ўртасида кенг кўламли ҳамкорликни фаол ривожлантириш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади.

Онлайн музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси билан Чехия Республикаси ўртасидаги муносабатлар ҳамда амалий ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашга келишиб олди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net