Ўзбекистон – БМТ доирасидаги муҳим халқаро ташаббуслар ижодкори

27.02.2020 10:46

ТОШКЕНТ, 27 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотига тенг ҳуқуқли аъзо бўлиб кирганининг 28 йиллиги арафасида “Дунё” АА мухбири мамлакатимизнинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр ?БРОҲ?МОВ билан суҳбатлашди. Ваколатхонамиз раҳбари мулоқот чоғида халқаро ташкилот билан ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Ўзбекистон Республикаси мустақил давлат мақомига эга бўлган дастлабки кунлардан бошлаб, халқаро ҳамжамият билан тенг ҳуқуқли, суверен ҳамкорлик олиб бориш йўлидан бормоқда, - деди Б.?броҳимов. - Қисқа тарихий давр мобайнида мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга давлатлардан бирига айланди.

Бу борада энг асосий қадамлардан бири - мамлакатимизнинг 1992 йил 2 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлганидир. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон БМТ резолюция ва қарорларини амалиётга жорий этиш, уларнинг ижроси доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Зеро, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар билан фаол муносабатлар ва ҳамкорлик олиб бориш Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига хизмат қилади”.

Сўнгги йилларда давлатимизнинг БМТ билан турли соҳаларда ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланиб, кундан-кунга фаоллашиб бормоқда. Энг асосийси, БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳоламоқда ва Марказий Осиёда кузатилаётган ижобий ўзгаришларни намуна сифатида эътироф этмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги иштироки ва ушбу ташкилот юқори минбаридан туриб илгари сурган қатор муҳим ташаббуслар мамлакатимиз билан БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди ва тарихий аҳамият касб этди.

Унда давлатимиз раҳбари БМТнинг халқаро муносабатлардаги ролини оширишга қаратилган долзарб фикрларни билдирди. БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, Бош Ассамблеянинг "Маърифат ва диний бағрикенглик" ҳамда "Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” деб номланган махсус резолюцияларни қабул қилиш таклифи билан чиқди.

Мамнуният билан таъкидлашни истардим, бугунги кунда Президентимизнинг БМТ махсус резолюцияларини қабул қилиш бўйича икки ташаббуси ташкилотга аъзо давлатлар томонидан бир овоздан консенсус билан қабул қилинди. Бу Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги муҳим халқаро ташаббуслар ижодкорига айланиб бораётганидан далолат.

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари илгари сурган яна бир муҳим саъй-ҳаракат ўзининг амалий натижасини берди. Хусусан, БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун ?нсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди тузилди ва БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” номли яна бир махсус резолюция қабул қилинди.

Бу каби натижалар давлатимиз раҳбари олиб бораётган фаол ташқи сиёсатнинг жаҳон ҳамжамияти ва БМТ раҳбарияти томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётганидан даракдир.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг БМT билан ўзаро кўп томонлама ҳамкорлигининг устувор йўналишлари сифатида хавфсизлик, бошқа замонавий таҳдидларга қарши курашиш, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик, Афғонистон масаласини тинч йўл билан ҳал этиш, ушбу мамлакатни қайта тиклаш, экологик муаммоларни бартараф қилиш, Марказий Осиёни ядро қуролидан холи ҳудуд сифатида эътироф этиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, таълим, фан ва маданиятни ривожлантириш, тарихий шахслар ва анъаналар, меъморий ёдгорликларни асраш, қайта тиклаш кабиларни эътироф этиш мумкин. Бу борада мамлакатимизнинг БМТдаги доимий ваколатхонаси изчил ва фаол иш олиб бормоқда.

Хусусан, 2019 йил сентябрь ойида Ўзбекистон вакили БМТ Бош ассамблеяси 74-сессияси раисининг ўринбосари этиб сайланди. Бу икки томонлама ҳамкорлик тарихидаги яна бир муҳим воқеа бўлди.

Бош Ассамблея БМТнинг асосий маслаҳат органи бўлиб, унда ташкилотга аъзо барча давлатлар қатнашади. У тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, қуролсизланиш, ривожланиш, камбағалликка барҳам бериш, инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш каби муҳим масалалар билан шуғулланади. Халқаро муаммоларнинг кенг доирасини кўриб чиқади ва улар бўйича қарорлар қабул қилади.

 Ҳозирги вақтда доимий ваколатхонамиз асосий эътиборни Президентимиз илгари сурган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини қабул қилишга қаратган.

Бу борада БМТга аъзо давлатлар ва БМТ Бош котибининг Ёшлар ишлари бўйича махсус элчиси Ж.Викраманаяке билан мунтазам музокаралар олиб борилмоқда. Мулоқотлар чоғида мазкур конвенцияни қабул қилишнинг аҳамияти, унинг асосий мақсад ва вазифалари,  долзарблиги бўйича аниқ ёндашувлар билдирилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ушбу муҳим халқаро ҳужжатни қабул қилиш учун барча куч ва ғайратимизни сафарбар қилиб, ёш авлод вакиллари, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигини мустаҳкамлашга интиляпмиз.

 

“Дунё” АА мухбири 
Замира АЗ?ЗХОНОВА суҳбатлашди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net