Ўзбекистон Бадиий академияси раисига Жанубий Кореяда фахрий доктор унвони берилди

23.03.2022 11:24

СЕУЛ, 23 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридинов Жанубий Кореяга амалий сафари давомида ушбу мамлакатдаги энг йирик олий таълим муассасаларидан бири – Кемёнг университети президенти Син ?л Хи билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Очиқ ва конструктив руҳда ўтган мулоқот чоғида Кемёнг университети билан Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорликнинг бугунги ҳолати таҳлил этилиб, истиқболда ўзаро алоқаларни янада фаоллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Ушбу таълим даргоҳлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридиновга Кемёнг университети фахрий доктори унвони топширилди.

Тантанали маросимда сўзга чиққан университети президенти Син ?л Хи дипломатик муносабатларимиз ўрнатилганининг 30 йиллиги доирасида ҳамда Наврўз байрами арафасида Ўзбекистон Бадиий академияси раисига фахрий доктор унвони берилишида рамзий маъно борлигини таъкидлади.

- Ўтган 30 йил давомида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда маданий-гуманитар йўналиш алоҳида ўрин тутади. Бу борада эса Акмал Нуридиновнинг ҳам ўзига хос хизматлари катта, деди Син ?л Хи.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси унга кўрсатилган бундай эътибордан мамнунлигини билдириб, келгусида ҳам биргаликдаги ҳамкорлик ва ўзаро талабалар алмашинуви мамлакатларимиз ўртасида маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Тадбирда Кемёнг университети профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилари, бу ерда таҳсил олаётган ўзбекистонлик ва хорижлик талабалар иштирок этди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net