Ўзбек олимлари коронавирус РНКсини тез ажратишга мўлжалланган диагностик тўпламни ишлаб чиқди

03.07.2020 15:19

ТОШКЕНТ, 3 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси олимлари томонидан COVID-19 РНКсини қисқа муддатда  ажратишга мўлжалланган диагностик тўплам ишлаб чиқилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири академия матбуот хизмати манбасига асосланиб.

Ушбу тўплам кам вақт талаб қилиши, қулайлиги ва арзонлиги билан ажралиб туради. У академиянинг Ўсимлик моддалари кимёси институти ходимлари томонидан ишлаб чиқилган.

«SARS-CoV-2» вируси РНКсини ажратишга мўлжалланган тўплам дунёда ишлаб чиқариладиган муқобиллари билан таққослаганда сезгирлиги, ўзига хослиги, айниқса, кам вақт талаб қилиши (1 соат), қулайлиги ва арзонлиги (камида 30 фоизга арзонроқ) каби устунликларга эга, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, унинг клиник синовлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги лабораторияларида, шу жумладан, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг махсус лабораториясида ўтказилган ва ижобий натижаларни кўрсатган.

Ушбу диагностик тўплам Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартизатцияси давлат маркази» давлат унитар корхонасида  «ENKOR» номи билан рўйхатдан ўтказилди ва кенг кўламда ишлаб чиқариш учун рухсат берилди.

Бундан ташқари, ушбу тўплам ёрдамида гепатит В, гепатит С, одам иммун танқислиги вируси (В?Ч) РНК/ДНК сини  ҳам ажратиш мумкин.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net