Ўзбек ипаги дунё бозорида харидоргир

29.07.2022 18:24

Сўнгги йилларда пиллачилик соҳасига қаратилаётган юксак эътибор ва янгича ёндашув туфайли тармоқда юқори самарадорлик таъминланяпти.

Айниқса, жаҳон бозорида ўзбек маҳсулотларига талаб ошаётганлиги соҳани ривожлантириш тенденциясини янада оширади. 

Пиллачилик соҳасидаги юқори самарадорлик, амалга оширилаётган янги лойиҳалар, келажакдаги режалар хусусида ?пакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ва “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Баҳром Шарипов қуйидагиларни сўзлаб берди. 

– Президентимизнинг ўтган 4-5 йил мобайнида соҳага доир қатор қарор ва фармонлари, уларнинг амалиётга босқичма-босқич татбиқ этилаётгани ипакчилик тармоғи ривожига хизмат қилмоқда. Ҳужжатлар асосида пиллачилик тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, хусусан, ипак қурти озуқа базасини мустаҳкамлаш, ипак қурти уруғи ва пилла етиштириш, уни тайёрлаш ва бирламчи қайта ишлашни такомиллаштириш, тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва инвестицияларни кенг жалб қилиш юзасидан устувор вазифалар  белгилаб олинди. 

Ўтган йилнинг ўзида 117,4 миллион АҚШ долларлик 101 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. 2021 йили 862 мингдан ортиқ фуқаролар шу соҳада меҳнат қилди. Жорий йилда бу кўрсаткични 1 миллион 130 минг нафардан ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Айни пайтда барча касаначилар билан шартномалар тузиб қўйилди. Учинчи ва тўртинчи мавсумда пилла етиштириш ҳисобига кўрсаткични 27 минг тоннага етказиш ва 96 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотни экспорт қилиш режалаштирилмоқда.  

Шунингдек, 2022 йил давомида 115 та лойиҳа доирасида 132 миллион АҚШ долларига тенг хорижий инвестициялар ўзлаштирилади. Эътиборлиси, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси тизимидаги корхоналарнинг маҳсулотлари савдоси бўйича Республика товар-хомашё биржасида махсус платформа ишга туширилди. 

Соҳага айнан Президентимизнинг эътибори сабаб бугун эски пиллахоналар ўрнига замонавий ипакчилик кластерлари ташкил этилди ва қисқа даврда уларнинг сони 74 тага етди. Агар янада аниқроқ айтадиган бўлсак, 2017 йилда бундай корхоналар сони бор-йўғи 19 та эди ва 30 фоиз қувват билан ишларди, холос. Эндиликда эски, ташландиқ бинолар “ноль” харид қийматида тадбиркорларга берилди. Бунинг ортидан юзлаб иш ўринлари яратилди. Соҳага берилаётган эътибор пилла етиштирувчиларни беҳад қувонтираётгани бор гап. 

Пилла етиштирувчилар қайта ишлаш корхонаси билан келишган ҳолда бир килограмм ҳосил учун 24 минг 700 сўмдан ҳақ олмоқда. Мисол учун, 2 қути ипак қуртини парваришлаган пиллакор 1 ойда 2,8 миллион сўм даромад олаётган бўлса, субсидия ажратилиши натижасида даромади 3,4 миллион сўмга етади. 2022 йили етиштириладиган пилла ҳисобига ушбу субсидияни бериш учун Давлат бюджетидан 120 миллиард сўм, шунингдек, тармоқ корхоналари томонидан пилла нархининг 10 фоизга оширилиши натижасида пиллакорларга 54 миллиард сўм маблағ берилади. 

Умуман, давлат томонидан тақдим қилинаётган имтиёз нафақат пиллачилик ривожига салмоқли ҳисса қўшади, балки пиллакорларнинг ҳаёт даражасини оширишга ҳам хизмат қилади. 

Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, пиллакорнинг қисқа муддатли иши расмийлаштирилиб, пенсия ёши учун талаб этиладиган стажнинг узлуксизлиги таъминланмоқда. Буларнинг барчаси давлатнинг соҳа ривожига қаратаётган эътиборининг амалдаги натижасидир. 

Бугунги кунда пилламизга 24 та хорижий давлат харидор. Мамлакатимиздаги маҳаллий уруғчилик корхоналари томонидан 2022 — 2026 йилларда 2 миллиард 190 минг қути уруғ тайёрланиши кўзда тутилган бўлиб, шундан 2022 йилда 320 минг қути, 2023 йилда 380 минг қути, 2024 йилда 460 минг қути, 2025 йилда 500 минг қути ва 2026 йилда 530 минг қути ипак қурти уруғи етиштириш мўлжалланаётгани ҳам бежиз эмас. Чунки бугунги кунда ?пакчилик илмий-тадқиқот институти томонидан дунёнинг турли иқлим шароитларига эга давлатлардан 120 дан ортиқ ипак қурти зотлари олиб келиниб, ипак қурти генофондини кенгайтириш ва уни келажак авлодга етказиш мақсадида кўпайтирилиб келинмоқда. ?нститут олимлари томонидан ушбу зотлар иштирокида селекция ишлари олиб борилиши натижасида замон талабларига жавоб берадиган 10 дан ортиқ янги ипак қурти зот ва дурагайлари пайдо бўлди. 

?нститутда дунёнинг 16 та мамлакатидан келтирилган тутнинг 240 та нави, шакл ва тизимларидан иборат тут коллекцияси ташкил этилди. Мазкур навлар иштирокида 100 дан ортиқ янги тут навлари ва дурагайлари яратилди. 

2026 йилга бориб ипак маҳсулотлари экспорти ҳажми 191 миллион АҚШ долларидан ошиши кўзда тутилган. Бу лойиҳа амалга ошса, 2021 йилдагига нисбатан 104 миллион 3 минг АҚШ доллари миқдорида кўп маҳсулотни экспорт қилиш имконияти яратилади. 

Яна шуни таъкидлаш жоизки, 2021 йилда экспорт ҳажми 87 миллион 5 минг АҚШ долларини ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич белгиланган режага нисбатан 101 фоизга тенгдир. 

Шунингдек, ипак маҳсулотлари сифатини назорат қилиш ва ошириш мақсадида бугунги кунда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси қошида синов лабораторияси фаолияти ҳам йўлга қўйилди. 2022 йилда тизимдаги барча пиллачилик кластерларида бундай синов лабораториялари тўлиқ ишга туширилиши таъминланади. 

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, Андижон вилоятида 2022 йилда 54,6 минг қути ипак қурти парваришлаш режалаштирилган бўлиб, “Asaka Silk Worm” МЧЖ ва “Andijan Guang Tong” МЧЖ корхоналари томонидан 2022 йил учун 60 минг қути ипак қурти уруғи тайёрланди, вилоятда ипак қурти уруғини етиштириш 100 фоиз маҳаллийлаштирилди. 

Шунингдек, 2023 йил учун ипак қурти уруғчилик корхоналари томонидан ипак қурти уруғларини тайёрлашда маҳаллий маҳсулот улушини кўпайтириш мақсадида маҳаллийлаштириш даражаси 72,2 фоизга ҳамда 2024 йилда 81,5 фоизга етказиш кўзда тутилган. 

Бугунги кунда Ўзбекистонда пилла етиштириш тизимли равишда ташкил этилганлиги сабабли бизнинг тажрибамизни ўзларида жорий қилиш бўйича қўшни давлатлардан таклифлар тушмоқда. 

Масалан, Хоразм вилоятида фаолият юритаётган “Хоразм пилла холдинг” МЧЖ ва Озарбайжон Республикасининг Шеке туманида жойлашган “Озар ипаги” корхонаси ҳамкорлигида ушбу мамлакатнинг Барда туманида пиллачиликка ихтисослаштирилган Ўзбекистон — Озарбайжон қўшма корхонаси фаолияти йўлга қўйилаётгани фикримизга аниқ мисол бўла олади. 

Бундан ташқари, тожикистонлик мутахассислар Ўзбекистондаги ипак қурти боқиш тажрибасини ўрганиш таклифини билдиришмоқда. Шу боис “Сурхон ипаги” МЧЖ корхонаси томонидан Тожикистонда 5 минг қути ипак қурти парваришланди. 

Бугунги кунда 74 та пиллачилик кластери томонидан 7,5 минг тонна қуруқ пилла қайта ишланмоқда. 2021 йилда 2 минг 378 тонна ёки 2020 йилнинг мос давридагига нисбатан 7 фоиз кўп хом ипак ишлаб чиқарилди.  

Шунингдек, пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан ипак маҳсулотлари турлари бўйича ишлаб чиқариш ҳажми ортиб бормоқда. Жумладан, 2021 йилда ипак момиқини ишлаб чиқариш 793 тонна, калаваланган ипак ипи тайёрлаш 9 154,7 минг погон метр, ипак гилам ишлаб чиқариш 342 дона, тайёр ипакли маҳсулотлар туркуми эса 935,7 минг донани ташкил этмоқда. 

Соҳада 2021 йилда 862 минг 500 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган бўлса, пилла етиштириш ҳажмини ошириш ва янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига бандлиги таъминланган аҳоли сонини 2026 йилда 1 миллион 322 минг нафарга етказиш кўзда тутилган.  

Бинобарин, пиллачиликда иш ўрнининг кўпайиши соҳанинг равнақ топиши билан чамбарчас боғлиқ. Чунки пиллани хомашё шаклида сотишдан кўра, уни чуқур қайта ишлаш орқали ипак калаваларга айлантириш кўпроқ даромад келтирса, махсус ускуналарда тайёр гилам ёки либослар кўринишига келтириш янада мўлроқ фойда олишни назарда тутади. Бунинг самараси ўлароқ эса ўзбек ипагининг дунё бозорида харидоргирлиги ортади.

Гулноза Бобоева, ЎзА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net