Утрехт шаҳрида «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китоби тақдимоти ўтказилди

18.10.2021 11:37

АМСТЕРДАМ, 18 октябрь. /«Дунё» АА/. Кеча Нидерландиянинг Утрехт шаҳрида бир гуруҳ ватандошлар иштирокида «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китоби тақдимоти ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Нидерландияда яшайдиган, турли халқаро ташкилотларда, хусусий компанияларда ишлайдиган ва олий ўқув юртларида илмий фаолият билан шуғулланадиган ватандошлар, ўзбекистонлик талабалар иштирок этди.

Тақдимотда «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан Ўзбекистон Фанлар академиясининг бир гуруҳ олимлари томонидан тайёрлангани ва мазкур луғатни яратиш бўйича олиб борилган изланишлар хусусида маълумот берилди. Шунингдек, келгусида хорижий мамлакатларда ҳам ўзбек тилининг мақомини юксалтиришда ушбу луғатнинг тутган ўрни беқиёс экани айтилди.

Тадбир давомида Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси томонидан консуллик округидаги давлатларда яшайдиган ўзбек тили иҳлосмандлари орасида ўзбек тили, тарихи ва маданиятини ўргатишга, унинг миллий ва халқаро мақомини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Тақдимотда қатнашган диаспора вакиллари томонидан ўзбек тилини хориждаги ватандошлар фарзандлари ва ушбу тилга қизиқиш билдирган чет элликлар орасида ўргатишни йўлга қўйиш бўйича таклифлар ўртага ташланди.

Норасмий маълумотларга кўра, Нидерландияда уч минга яқин ўзбекистонлик доимий ёки вақтинча яшайди. Уларнинг фарзандлари маҳаллий ва халқаро мактабларда ушбу мамлакатнинг тили, тарихи, маъданиятини ўрганади.

Учрашув жараёнида фаол ватандошлар уларнинг фарзандлари маҳаллий мактабларда таълим олиб, ўз она тилини, тарихини, маъданиятини ўрганмаётганлиги ва бу ҳолатнинг давом этиши орқали ўз она тилини ҳам эсдан чиқараётганлиги ачинарли аҳвол эканини қайд этди. Шу мақсадда, Нидерландиянинг Амстердам, Роттердам, Утрехт ёки Гаага каби йирик шаҳарларидаги олий ўқув юртлари ёки мактабларидан бирида ўзбек тили, тарихи ва маданиятини ўқитиш марказини очишни таклиф қилди ва ушбу масалани амалга оширишда ўзларининг барча сайъ-ҳаракатларини йўналтиришга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида ватандошларимиз яқинлашиб келаётган 21-октябрь - Ўзбек тили байрами кунини хориждаги ўзбек тили ихлосмандлари билан элчихона ҳамкорлигида тантанали нишонлашни таклиф қилди.

Дипломатия ваколатхонаси консуллик округидаги давлатларда ўзбек тилини кенг тарғиб қилиш, миллий ва халқаро мақомини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар доирасидаги ишларни изчил давом эттирмоқда. Шу мақсадда, жорий йил 19 октябрь куни Бельгияда ва 20 октябрь куни Данияда яшайдиган ватандошлар иштирокида 21-октябрь – ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кунни тантанали нишонлаш режалаштирилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net