Ўткан кунлар” - ўзбек халқининг маданияти, қадрияти ва урф-одатлари тўғрисида билмоқчи бўлганлар учун бебаҳо маданий манба – Германия наш

13.01.2021 11:32

БЕРЛ?Н, 13 январь. /”Дунё” АА/. Германиянинг “Usbekistan Online” (Мюнхен) ахборот портали саҳифаларида Ўзбекистон тарихи, маданияти, адабиёти ва замонавий тараққиётига оид туркум материаллар мунтазам тарзда чоп этиб келинмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Яқинда нашр буюк ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий ижоди ва адабий мероси, жумладан, “Ўткан кунлар” романи ҳақидаги мақолани ўқувчилари эътиборига тақдим этди. Унда мазкур асар ўзбек мумтоз адабиётининг энг ёрқин дурдоналаридан бири экани таъкидланган.

Онлайн-портал муаллифи Герҳард Биркл адибнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотлар келтирган. “Абдулла Қодирий - буюк ўзбек ёзувчиси, публицист, тилшунос, таржимон, “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Обид кетмон” ва бошқа кўплаб ўлмас асарлар муаллифи”, - деб ёзади у.

Муаллиф Абдулла Қодирий 1919-1925 йиллар мобайнида турли газеталарда 300 дан ортиқ мақола эълон қилгани, 1923 йил «Муштум» сатирик  журналига асос солгани ва ушбу нашрда узоқ йиллар давомида фаолият юритгани ҳақида маълумотлар келтирган.

Материалда ўзбек адиби араб, форс ва рус тилларини яхши билгани, таниқли хорижий ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилгани қайд этилган.

Мақоланинг асосий қисми “Ўткан кунлар” романига бағишланган. “Бошқа бирон бир адабий асар Абдулла Қодирий қаламига мансуб «Ўтган кунлар» романи сингари ўзбек халқининг қалбидан чуқур жой олмаган бўлса керак. Ўзбек тилида битилган биринчи роман нафақат Ўзбекистонда, балки ундан ташқарида ҳам машҳур. У эрта ўзбек реализмига мансуб дурдона асардир”, - деб ёзади муаллиф.

1926 йил биринчи марта нашр этилган роман адабий танқидчилар томонидан жуда яхши кутиб олинган. Афсуски, Абдулла Қодирий 1938 йил Сталин репрессияси қурбонига айланди. Биринчи ўзбек жадидчиларига мансуб адибнинг номи 1956 йил тўла оқланди. Орадан икки йил ўтиб, яъни 1958 йил “Ўткан кунлар” романи 90 минг нусхада қайта нашр этилди.

Роман юлдузлар тақдирларини ўзаро боғлаб қўйган икки ёш қалб муҳаббати ҳақида ҳикоя қилади, деб фикр юритади немис журналисти. Ёзувчи ХIX асрдаги Қўқон хонлигининг зиддиятларга тўла қарама-қарши ички дунёсини, ўша давр муаммоларини бадиий маҳорат билан ёритган. Муаллиф асосий қаҳрамонлар — Отабек ва Кумушнинг фожиали тақдири орқали жамият ҳаётининг ҳақиқий аҳволини очиб берган.

“Отабек образи Абдулла Қодирий дунёқарашини ёрқин ифодалаган. Роман бош  қаҳрамони Қўқон хонлигидаги ички кураш ва коррупция, маҳаллий аҳолининг диний ақидаларга берилиб кетганининг гувоҳи бўлади, - деб ёзади немис ахборот ресурси. —Чуқур зеҳни, ақл-заковати ва иқтидори билан машҳур бўлган Абдулла Қодирий ХIX аср ўрталаридаги Туркистон ўлкасида истиқомат қилган жамиятнинг ҳақиқий  руҳини акс эттирган. “Ўткан кунлар” романи ўзбек халқи тарихидаги энг муҳим даврлардан бирини қамраб олган. Роман ўзбек халқининг маданияти, қадрияти ва урф-одатлари тўғрисида билмоқчи бўлганлар учун бебаҳо маданий манба сифатида катта аҳамиятга эга”.

“Ўзбекистон салмоқли иқтисодий ва сармоявий имкониятларга бой давлат. Бироқ мамлакатнинг тарихи, маданияти ва адабиёти ўз кўлами билан янада юксак мавқега эга эканини таъкидлаш лозим”, – деб хулоса қилади Г.Биркл.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net