Туркиялик адабиётшунос ва тилшунос олима Фатма Ачикка «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» халқаро танлови мукофоти топширилди

09.12.2020 18:07

АНҚАРА, 9 декабрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Туркия Республикасидаги элчихонасида «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» халқаро танловининг ўзбек тилининг хориждаги тарғиботи йўналишида иккинчи ўринни қўлга киритган адабиётшунос ва тилшунос олима, Ғозий университети профессори Фатма Ачикка мазкур танлов мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Совриндорга мукофот Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси А.Аъзамхўжаев томонидан топширилди.

Тадбирда мамлакатимиз раҳбарияти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан ўзбек тилини ривожлантиришга, унинг мавқеини янада мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берилди.

Профессор Фатма Ачик Ўзбекистон раҳбарияти ва халқаро танлов ташкилотчиларига миннатдорлик билдириб, ўзбек миллати ва адабиётига меҳри ўзгача эканини таъкидлади.

— Бугун мен учун унутилмас қувончли кунлардан бири бўлди, — деди олима. — Биз, туркияликлар Ўзбекистонни ота юрт деб биламиз. Жаннатмананд юртингиз биз учун жуда қадрли. Ўзбекистон халқининг бой мероси, мумтоз ва замонавий адабиёти мени ва бошқа жуда кўплаб туркларни ҳар доим ҳайратлантириб келган. Ўзбек тили давлат тили мақомига эга бўлганида биз сидқидилдан хурсанд бўлганмиз. Ўзбекистон мустақиллиги абадий бўлиши, ўзбек тили эса давлат тили сифатида доимо юксалавериши тарафдоримиз. Ушбу мукофот келажакда Ўзбекистон ва Туркия алоқаларини янада юқори даражага кўтарилишига хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net