Туркиядаги ватандош: Мен янги Ўзбекистоннинг истиқболи, ўзим каби ёшларнинг порлоқ келажаги учун овоз бердим

14.10.2021 14:19

АНҚАРА, 14 октябрь. /«Дунё» АА/. Бугун мамлакатимизнинг Анқара шаҳридаги элчихонасида ташкил этилган 43-сайлов участкаси ва Анталия шаҳридаги фахрий консулхонасида Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш бошланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Муддатидан олдин сайлов бериш жараёни давлатимиз мадҳияси садолари билан очилди. Шундан сўнг, Анқара, Анталия ва қўшни шаҳарларда бўлиб турган, таълим олиш ёки вақтинча меҳнат қилиш мақсадида келган ватандошларимиз сайловда муддатидан олдин овоз беришда иштирок этиб, ўзларининг конституциявий ҳуқуқидан фойдаланди.

Овоз бериш жараёнида пандемия шароити ҳисобга олинган ҳолда, санитария тартибларига алоҳида аҳамият берилмоқда. Шунингдек, Туркия ҳудудида сайловнинг хавфсиз ўтишида маҳаллий мутасадди ташкилотлар томонидан катта кўмак кўрсатилмоқда.

Таъкидлаш керакки, Анталия Туркиянинг йирик туризм марказларидан бири ҳисобланади. Бу ерга дам олиш мақсадида келган фуқароларимиз учун ҳам муддатидан аввал овоз беришда қатнашиш имконияти айни муддао бўлди.

- Мен Анталиядаги Акдениз университетида соғлиқ хизматлари йўналишида магистратурада таълим олаяпман. Бундан бир неча кун аввал Анталиядаги Ўзбекистон фахрий консулхонасида Президент сайлови бўйича сайлов участкаси ташкил этилишини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим, - дейди Севда Амриева. - Ўзимнинг конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланиш имконияти яратиб берилганидан жуда миннатдорман. Бугун мен янги Ўзбекистоннинг истиқболи, ўзим каби ёшларнинг порлоқ келажаги учун овоз бердим. Бу ердаги таълимимни битиргач, Ўзбекистонимга қайтиб, Ватан равнақига ҳисса қўшаман.

Ватандошларимизга кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида муддатидан олдин овоз бериш  Анқарада 14-20 октябрь, Конья ва Карабюк шаҳарларида эса 16 октябрь кунлари бўлиб ўтади.

Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси яна бир бор Туркиядаги ватандошларимизни 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган ушбу муҳим сиёсий воқеада фаол қатнашишга даъват этади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net