Туркияда Олий даражадаги ташриф якунларига бағишлаб брифинг ўтказилди

28.02.2020 12:26

АНҚАРА, 28 февраль. /“Дунё” АА/. Анқарада Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркияга расмий ташрифи якунларига бағишлаб брифинг бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги элчихонаси томонидан ўтказилган тадбирда Туркия парламенти ва ҳукумати аъзолари, халқаро ташкилот ва олий таълим муассасалари, академик ҳамда ишбилармон доиралар, ўзбек диаспораси вакиллари, журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси А.Агзамхўжаев брифингда сўзга чиқди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг 19-20 февраль кунлари ушбу давлатга расмий ташрифи тарихий аҳамият касб этиб, унинг доирасида Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари ҳамраислигида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши самарали ўтди. Музокараларда мамлакатларимиз ҳамкорлигининг истиқболлари муҳокама қилинди, қўшма лойиҳалар бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Тадбирда Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши натижалари тўғрисида имзоланган қўшма баёнот, шунингдек, иқтисодиёт, савдо, технологиялар соҳасига оид шартномалар ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришда амалий аҳамият касб этиши таъкидланди.

Брифингда Президентимизнинг Туркия етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказгани ташриф дастурининг муҳим жиҳатларидан бири бўлгани қайд этилди. Музокаралар якуни бўйича Ўзбекистонда Туркия компаниялари билан биргаликда ишлаб чиқилаётган умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган янги лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга келишиб олингани муҳим натижа сифатида баҳоланди.

Анжуманда мамлакатимизда Туркиянинг салоҳиятли инвесторлари иштирокида истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни ўз вақтида амалга ошириш муҳимлиги таъкидланиб, бу борада элчихона томонидан бошлаб юборилган амалий чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркияда мамлакат Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасининг очилиш маросимига таклиф этилган ягона шарафли меҳмон бўлди.

Тадбирда зиё маскани очилиш маросимида томонлар нодир китоблардан иборат туҳфалар билан алмашгани халқларимиз маънавий бойликни юқори қадрлашидан дарак экани билдирилди.

Брифинг давомида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида эришилган келишувларнинг амалий ижроси бўйича расмий Тошкент нуқтаи назарига бағишланган тақдимот ўтказилди.

?штирокчиларга ташриф ҳақида Туркия матбуотида чоп этилган материал, хусусан, Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси матнининг турк тилидаги таржимаси, ҳамкор мамлакат “Дунё” газетасининг ташрифга бағишлаб нашр қилинган махсус сони тарқатилди, видео-ролик намойиш этилди.

Тадбир якунида “Дунё” АА мухбири Президентимизнинг Туркияга ташрифи, унинг икки давлат муносабатларини ривожлантиришдаги аҳамияти юзасидан ушбу мамлакат жамоатчилиги вакиллари фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

Осман МЕСТЕН, Туркия парламентидаги “Туркия – Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси:

– Тарихдан маълум, ота-бобаларимиз бу диёрларга қадим Туркистондан келган. Биз бугунги Ўзбекистон билан ана шундай чуқур ва пурмаъно боғлиқликка эга эканимиз билан фахрланамиз. Шу боис қардош мамлакат раҳбарининг Туркияга ташрифи биз учун доим тарихий воқеа, ифтихордир. Хусусан, муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу галги ташрифи ҳам икки томонлама муносабатлар ва бутун Туркия тарихида чуқур из қолдирди. Ўзбекистон ислом тамаддунининг маънавий бешикларидан. Шу боис Ўзбекистон раҳбари Туркия тарихидаги энг буюк ва замонавий кутубхонанинг тантанали очилиш маросимида иштирок этиб, маърифат саройининг биринчи шарафли меҳмони бўлганида рамзий маъно бор.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи ва унинг натижаларини юқори баҳолаймиз. Ташриф доирасида эришилган қатор келишувларни ҳаётга изчил татбиқ этишдан ҳар икки халқ бирдек манфаатдор.

?шончим комил, Туркия – Ўзбекистон стратегик шериклигининг жорий ҳолати икки давлат миллий манфаатлари ва бутун туркий дунё аҳли азалий орзусига мос келади. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик, тинчлик-фаровонлик ривожланишига хизмат қилади.

Фурсатдан фойдаланиб, турк халқи ва ўзбек биродарларимизни эзгу мақсадлар йўлида бирлашишга сабабчи бўлган мазкур олий даражадаги ташриф натижалари билан самимий қутлайман.

Бағдат АМРЕЕВ, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби:

– Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда чуқур ислоҳотлар ва тараққиёт даври бошланди. Катта ўзгаришларнинг муҳим бир қисми Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда дунё ҳамжамияти билан интеграциялашув интилишида яққол намоён бўлмоқда. Замонавий жаҳон ҳамжамиятининг ажралмас қисми бўлган туркий дунё, халқаро муносабатларда самарали механизмлардан бирига айланган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларда изчил ривожланиш кузатилаётгани ҳам бунга мисол бўла олади. Ўзбекистон 2019 йилда ушбу ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди.

Туркий кенгашга аъзо давлатлар орасида аҳоли сони бўйича Ғарб минтақасида энг катта мамлакат Туркия бўлса, Шарқ диёрларида бу, албатта, Ўзбекистондир. Шу маънода Туркий дунёнинг икки буюк мамлакатлари раҳбарларининг ўзаро учрашуви биз учун муҳим аҳамиятга эга.

Жорий йилнинг 19-20 февраль кунлари Анқарада бўлиб ўтган олий даражадаги музокараларда Туркий кенгаш Бош котибияти ўзи учун зарур хулосалар чиқарди, ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга оид аниқ вазифа ва топшириқларни белгилаб олди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон раҳбарининг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида илгари сурган муҳим ташаббусларини амалга ошириб келяпмиз. Хусусан, Хиванинг – 2020 йилда турк дунёси маданияти пойтахти, деб эълон қилиниши, Тошкент шаҳрида ташкилотимиз ?шбилармонлар кенгашининг 2019 йилги йиғилиши ва бизнес-форумнинг ўтказилиши, ҳозирги кунда Туркий дунё ёш тадбиркорлар форумини шакллантириш ва унинг биринчи йиғилишини Ўзбекистонда ташкил этиш билан боғлиқ лойиҳалар шулар жумласидан. Мазкур ташаббусларни бажаришда Туркия бизга яқиндан ёрдам кўрсатмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги транспорт-транзит йўлакларини ривожлантириш, туризм соҳаси, айниқса, зиёрат туризми йўналишидаги ҳамкорлик ҳам ташкилотимиз мақсад ва вазифаларига мос келади. Бу эса Ўзбекистон ва Туркия раҳбарларининг олий даражадаги мулоқот ҳамда музокаралари натижаларини юқори баҳолашга асос бўлади, уларни амалга оширишда ҳар икки томонни бирдек қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Хикмет ЭРЕН, Туркиядаги Евроосиё иқтисодий алоқалар жамияти “EcoAvrasya” раиси:

– Туркия ишбилармонлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Анқарага расмий ташрифини катта қизиқиш билан кузатди. Ўзбекистон раҳбарининг Туркия етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувининг ташриф дастурига киритилгани биз учун муҳим жиҳат бўлди. Ташриф якунида имзоланган ҳужжатлар, иқтисодиёт соҳасида шерикликка қаратилган ҳужжатлар, хусусан, яқин истиқболдаги аниқ тадбирларни белгилаб берган “Ҳаракатлар режаси”нинг қабул қилингани диққатга сазовор. Бу мамлакатларимиз ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди, аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб беради. Бу икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Олий даражадаги музокараларда давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий шериклик Ўзбекистон ва Туркия учун устувор йўналишлардан бири эканини қайд этдилар. Эндиликдаги мақсад яқин йилларда ўзаро савдо айланмаси ҳажмини 5 миллиард долларга етказишдан иборат эканини билдирдилар.

Биз иқтисодий шерикликдаги ана шундай ижобий кўрсаткичларга эришишдан манфаатдормиз. Бунга эришишда ҳар икки томон учун асосий куч сифатида майдонга чиқишга тайёрмиз.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net