Туркия тақдим қилган сунъий нафас олдириш аппаратлари Тошкентга олиб келинди

22.05.2020 13:50

ТОШКЕНТ, 22 май. /«Дунё» АА/. Туркия томонидан тақдим этилган инсонпарварлик юки ортилган "Uzbekistan Airways" авиакомпаниясига қарашли ҳаво кемаси 22 май куни Тошкентга етиб келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

?станбул – Тошкент йўналишида парвоз қилган самолёт ?слом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортига қўнди. Мамлакатимизга етказилган инсонпарварлик юкини қабул қилиб олиш маросимида мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимлари, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари иштирок этди.

Жорий йил 22 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтганди.

Суҳбат давомида икки давлат раҳбарлари янги глобал хатар – коронавирус инфекциясининг шиддатли тарқалишига қарши курашишда яқиндан ҳамкорликни қўллаб-қувватладилар.

Туркияда ишлаб чиқарилган 50 та сунъий нафас олдириш аппаратидан иборат ушбу саховат ёрдамининг мамлакатимизга топширилиши ҳам томонларнинг бу борадаги қатъий ва амалий интилишини яна бир бор тасдиқлади.

Ўзбекистоннинг Анкарадаги элчихонаси Туркия муҳандислари ишланмасини Ўзбекистон эҳтиёжлари учун беғараз асосда тақдим этилиши масаласини ишлаб чиқди.

– Дунёда пандемия билан боғлиқ хавф юқори даражада сақланиб қолмоқда, – дейди Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси вакили Аҳсен Туран. – Синовли кунларда бир-бирига ёрдам бериб, елкадош бўлиш халқларимиз табиатига хос фазилатдир. Туркиянинг тиббий ускуна кўринишидаги мазкур кўмаги ҳам фикримизга мисол. Ўзбекистонга топширилган сунъий нафас олдириш аппаратлари коронавирус тарқалишига қарши курашда тиббиёт ходимлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, беморлар саломатлигини яхшилаш имконини беради.

Туркия Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Халқаро алоқалар бош бошқармаси раҳбари профессор Селами Қилич мамлакатнинг ўзида ҳам ушбу қурилмаларга талабнинг юқори эканига қарамасдан Туркия биродар Ўзбекистонга зарур тиббий ускуналарни тақдим қилганини қайд этди.

– Ушбу сунъий нафас олдириш аппарати Туркиянинг “Arçelik”, “Aselsan”, “Baykar Makine” ва “Biosys” каби йирик компанияларининг 120 нафар етакчи муҳандислари томонидан яратилган, – дейди Селами Қилич. – Янги тиббий ускунанинг биринчи 100 таси ?станбулнинг Башакшеҳир туманидаги шаҳар шифохонасига топширилган. Уни оммавий тарзда ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказиш ишлари “Arçelik” фабрикасида ташкил этилди. Корхонада кунига 250 та ана шундай мосламани тайёрлаш ўзлаштирилди.

Мутахассислар фикрига кўра, Туркиянинг сунъий нафас олдириш аппарати бошқа кўплаб муқобилларига қараганда рақобатбардош ва юқори сифатга эга.

– Сунъий нафас олдириш аппарати ўпканинг ҳаво алмаштириш фаолияти бузилганда қўлланиладиган қурилма бўлиб, коронавирусга чалинган беморлар муолажаси жараёнида муҳим аҳамиятга эга, – дейди Тошкент шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош бошқармаси раҳбари ўринбосари Даврон Султонов. – Аппарат воситасида ёрдамчи ёки тўлиқ сунъий нафас олишга ўтиш ўпкада ҳаво алмашишини таъминлагани боис бемор аҳволи яхшиланишига эришилади. Туркиядан олиб келинган қурилма барча ёш тоифасидаги беморлар учун мўлжалланган.

Тиббий ускуналар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига Covid-19 коронавирусига қарши курашишда фойдаланиш учун топширилади.

 

Сурат: Жахонгир Азимов

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net