Туркия адабиётшунос ва тилшунос олимлари замонавий ўзбек тили имкониятларини эътироф этди

16.06.2020 12:42

АНҚАРА, 16 июнь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси Анқаранинг Ғозий университети ва Тошкент давлат шарқшунослик университети билан ҳамкорликда «Тил ўргатишда замонавий усуллар» мавзусида видеоконференция шаклида халқаро анжуман ташкил қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Онлайн анжуманда Ўзбекистон ва Туркия адабиётшунос ҳамда тилшунос олимлари ўзбек тилини ўқитиш, ўрганиш соҳасига оид тажриба билан ўртоқлашди.

Тадбирда Анқара университетининг «Замонавий туркий тиллар ва адабиёт» кафедраси мудири, профессор Айнур Ўз Ўзжан «Туркияда ўзбек тилини ўқитиш усуллари» ва Анқара Ғозий университетининг Замонавий туркий тиллар ва адабиёт кафедраси мудири, профессор Фатма Ачик «Тил ўргатишда педагогик усул ва стратегиялар» мавзусида маърузалар қилди.

Анжуманда ўзбек тили имкониятлари, таълим соҳасида тутган беқиёс ўрни алоҳида эътироф этилди.

Халқаро алоқаларнинг ривожланиши, айниқса, Ўзбекистон билан Туркия ўртасида сўнгги йилларда жадал ривожланиб бораётган стратегик ҳамкорлик алоқалари натижасида мазкур хорижий давлатда ўзбек тилини ўрганишга бўлган талаб ҳам ортаётгани қайд этилди.

Ўзбек тилини Туркияда ўрганиш ва тарғиб қилиш доирасида «Турк тили ташкилоти» (Turk Dil Kurumu) ҳомийлигида бахши Эргаш Жуманбулбул ўғлининг «Далли» достони яқинда турк ва ўзбек тилларида чоп этилгани айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, жорий йил февраль ойида Ўзбекистон ва Туркия олий ўқув юртлари, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар ўртасидаги илмий ҳамкорлик доирасида ўзбек ва турк халқлари тили, адабиёти ва фольклор санъатига оид «Тил ва адабиёт тадқиқотлари» номли китоб нашр этилди.

Лойиҳа Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи, Муқимий номидаги Қўқон давлат педагогика институти ва Карабюк давлат университети (Туркия) ҳамкорлигида амалга оширилган.

Тадбир иштирокчилари қайд этилган йўналишларда ўзаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга эканини эътироф этиб, алоқаларни янада кенгайтириш, услубий ва техник жиҳатларда яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлашди.

Мухтасар айтганда, Туркияда ўзбек тилини ўрганиш ва тадқиқотлар олиб боришга бўлган қизиқиш янада ортмоқда. Бу жараён турк тилшунослари фаолиятида яққол сезиляпти. Тилга бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб биладиган қардош турк халқи Ўзбекистонда давлат тилига бўлган бугунги муносабатни юксак қадрлайдилар.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net