Тошкентда «Бир макон, бир йўл ташаббуслари» 6-халқаро конференцияси бўлиб ўтди

30.11.2021 12:17

ТОШКЕНТ30 ноябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Тошкент шаҳридаги ?нҳа университетида «Бир макон, бир йўл ташаббуслари» 6-халқаро конференцияси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон транспорт вазири ?лҳом Маҳкамов, ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов, инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Шуҳрат Вафоев, вазирлик ва идоралар, олий ўқув юртлари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Конференцияда пандемиядан кейинги даврда логистика ва бошқа иқтисодий муаммоларни бартараф этиш йўллари  муҳокама қилинди.

Шўъба сессияларда ноаниқлик даврида логистикани бошқариш, Марказий Осиёда логистикани бошқариш, минтақавийлик ва кўп томонлама муносабатлар, таъминот занжири бошқаруви ва қарор қабул қилишда ахборот технологияларининг роли, таъминот занжирида инсон ресурсларини бошқариш, пандемиядан кейинги даврда Ўзбекистоннинг инвестицион ва иқтисодий иқлими каби мавзуларда фикр алмашилди.

Фурқат Сидиқов, ташқи ишлар вазирининг ўринбосари:

- Ўзбекистон Марказий Осиёда ва қўшни минтақалар билан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тарафдори сифатида «Бир макон, бир йўл» ташаббусини бутун Евроосиё иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсата оладиган муҳим транспорт ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишнинг устувор мақсадларига эришишга амалий ҳисса қўшиш салоҳиятига эга механизм, деб билади.

Бизнинг «Бир макон, бир йўл» бўйича позициямиз мамлакатимизнинг Хитой ва Осиё-Тинч океани минтақасидаги бошқа муҳим шерикларимиз, шу жумладан, Корея Республикаси билан ҳам ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш сиёсатимизга мос келади. Бундай кенг қамровли ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик асносида Марказий Осиё, Буюк ипак йўли даврида бўлганидек, Европа ва Осиё ўртасидаги савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит йўлакларининг «хаб»ига айланиши мумкин.

Пол Тэ-ву Ли,  Чжэцзянь университети директори (Хитой):

- «Бир макон, бир йўл» ташаббуси халқаро инфратузилмани ривожлантириш, иқтисодий ва транспорт коридорлари бўйлаб мамлакатларни бир-бири билан боғлашни кўзда тутган. Чунки бугунги кунда халқаро транспорт ва глобал логистика бош масалага айланди. «Бир макон, бир йўл» лойиҳасининг асосий мақсадларидан бири глобал эркин савдо тартибини қўллаб-қувватлаш, Осиё, Европа ва Африка мамлакатлари ўртасида интеграцияни кенгайтиришга қаратилган.

Хосе Тонгзон, «Belt and Road Initiative Conference 2021» ташкилий қўмитаси раиси:

- «Бир макон, бир йўл» ташаббуси 60 дан ортиқ мамлакатни ўзаро боғловчи мавжуд иқтисодий йўлакларни янада такомиллаштириш ҳамда янги транспорт ва савдо йўлларини яратишга қаратилган. Ушбу ҳудуддаги давлатлар жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 55 фоизини, глобал энергия захираларининг 75 фоизини ўзида жамлаган.

Бугунги конференцияда экспертлар транспорт-коммуникация, савдо, иқтисодиёт, туризм, илм-фан соҳаларида ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва истиқболларини муҳокама қилди. Минтақавий ҳамкорлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлашдаги долзарб вазифалар кўриб чиқилди. ?кки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун аниқ таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net