Токиода Тошкент метрополитени ҳақидаги китоб тақдимоти ўтказилди

06.03.2020 12:32

ТОК?О, 6 март. /“Дунё” АА/. Япония пойтахтида Тошкент метрополитенига бағишлаб чоп этилган китоб тақдим этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Япониядаги “Daifukushorin” нашриёти томонидан тайёрланган китобда қадрдон метромизнинг сайёҳлар учун жозибадорлиги хусусида батафсил маълумот берилган.

Китоб муаллифи, ушбу нашриёт директори А.Таки Тошкент метросининг ноёблиги, хусусан чет эллик сайёҳлар учун пойтахтдаги энг қизиқарли манзиллардан бири экани ҳақида сўз юритади.

Муаллиф Ўзбекистондаги ер ости йўли мажмуаси бетакрор дизайни, ажойиб меъморий ечими билан, айниқса, японларда чексиз таассурот қолдираётганини таъкидлайди.

Қайд этилишича, метронинг ҳар бир бекати дизайни ўзига хос, ўзбек халқининг тарихи, маданияти, санъати, қадрият ва анъаналарини акс эттирувчи муайян мавзуга йўналтирилган. Шунинг баробарида бекатларнинг номланиши ҳам бевосита мавжуд шакл, безак ва бадиий тимсоллар билан уйғун. Меъморий-бадиий манзарага муайян бекат жойлашган манзил, турли тарихий воқеалар ёки шахслар билан боғлиқлик, шунингдек яқин орада йирик саноат мажмуаларининг жойлашуви каби омиллар ҳам сезиларли таъсир кўрсатган.

А.Таки, мутахассис сифатида, Тошкент метроси нафақат ер остида ҳаракатланувчи транспорт воситаси, балки Ўзбекистоннинг ноёб тарихий ва маданий ёдгорлиги эканини ҳам эътироф этган.

Китобда метрополитеннинг ҳар бир бекати акс этган суратларга шу бекатнинг ўзига хослиги ифодаланган изоҳлар япон тилида келтирилган. Мажмуанинг барпо этилиш тарихи, барча бекатлар тўғрисида муфассал маълумот, бекатларнинг бир-биридан фарқли жиҳатлари, шунингдек халқимизга хос урф-одатлар, мамлакатимиз сайёҳлик салоҳияти ҳақида ҳикоя қилинган. Бир сўз билан айтганда, муаллиф китобхонни Ўзбекистон билан ер юзидаги ажойиб мамлакатлардан бири сифатида яқиндан таништиришга ҳаракат қилган.

Тақдимот давомида элчихона ходимлари ҳам ўз навбатида мамлакатимизнинг сайёҳлик имкониятлари, юртимизда туризм соҳасида жадал суръатларда ва кенг миқёсда олиб борилаётган ислоҳотлар, шунингдек саёҳатчилар учун яратилаётган шарт-шароитлар, қулайликлар хусусида батафсил маълумот беришди.

Япония фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш ҳуқуқи амалда эканига иштирокчилар диққати алоҳида жалб этилди.

Тошкент метрополитени Ўзбекистон пойтахтининг фахр-ифтихори, бадиий жиҳатдан энг диққатга сазовор масканларидан бири экани, жамоатчилик учун ҳам илмий, ҳам тарихий нуқтаи назардан катта қизиқиш уйғотиши таъкидланди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net