Токио – 2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчилари муносиб иштирок этади

26.02.2020 12:33

ТОШКЕНТ, 26 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Олимпия қўмитаси ҳузурида ташкил этилган тезкор штаб фаолияти таҳлил қилинди, Токио – 2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси учун махсус ишлаб чиқилган спорт экипировкалари ҳамда расмий либослар лойиҳалари тақдимоти ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё»АА мухбири.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги «Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио (Япония) шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги қарорига биноан, юртимиз спортчилари тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Бу борада Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан кенг кўламли ишларни амалга ошириляпти.

Тадбирда Олимпиада мусобақаларида мамлакатимиз делегацияси учун спорт экипировкаларини танлаш бўйича ҳам маълумот берилиб, бу борада етакчи фирма ва дизайнерлар билан ҳамкорлик ўрнатилгани айтилди. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, шунингдек, бошқа ҳамкор ташкилотлар либосларни танлаш бўйича изланишлар олиб боргани, танловлар ўтказилгани билдирилди.

– Токио Олимпиада ўйинларида иштирок этадиган мамлакатимиз вакиллари учун ишлаб чиқариладиган экипировкалари бўйича малакали ва ҳаваскор дизайнерлар ўртасида халқаро танлов эълон қилинди, – деди Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти проректори Холида Комилова. – Танловда 100 дан ортиқ иштирокчи ўз лойиҳалари билан қатнашди. Якунда муносиблар саралаб олинди. Кийимлар Токио иқлим шароитига мослаб тайёрланмоқда. Мақсадимиз спортчиларимизнинг йирик спорт мусобақасида юртимиз анъаналари, миллий қадриятларини ўзида акс эттирган либосларда иштирок этишини таъминлаш. Спорт экипировкалари ва расмий либослар спортчига руҳий мадад бўлишига ишонамиз.

Қайд этиш жоиз, давлатимиз томонидан спортчиларимизнинг нуфузли мусобақада иштирок этиши учун йўлланмани қўлга киритишлари, мамлакатимиз ва хорижда ташкил қилинадиган ўқув машғулот йиғинларини ташкил қилиши учун зарур шароит яратилган.

– Ҳозирги кунда Олимпиада йўлланмаларини қўлга киритиш учун беллашаётган, тайёргарлик кўраётган федерацияларда ишлар белгиланган жадвал асосида қизғин давом этмоқда, – деди Олимпия қўмитаси вакили Алишер Каримов. – Ташкил этилган тезкор штаб фаолияти ҳам бевосита Олимпиадага лицензия қўлга киритган спортчилар билан ишлашга қаратилган. Уларнинг тайёргарлиги, соғлиғи ва руҳий ҳолати мутахассисларимиз томонидан доим ўрганиб борилади. Штаб аъзолари жамоамиз тахминий рақиблари ҳақидаги маълумотларни спортчиларимиз ва мураббийларга тақдим этяпти.

Анжуманда айни пайтда мамлакатимиз спортчиларининг Олимпиада ўйинларига иштирок этиши ҳуқуқини берувчи 17 та лицензия қўлга киритилгани маълум қилинди. Тўрт йилликнинг муҳим спорт мусобақасига йўлланма тақдим этиладиган мусобақаларда Ўзбекистон спортчиларининг иштироки давом этмоқда.

 

Сурат: Анвар ?льясов

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net