Темурийлар даврига оид қатор қўлёзмалар тўпламининг нусхалари Ўзбекистонга келтирилди

18.05.2021 14:08

ТОШКЕНТ, 18 май. /“Дунё” АА/. Темурийлар даврига оид қатор қўлёзмалар тўпламининг нусхалари Ўзбекистонга келтирилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мамлакатимизда халқимиз бой тарихи ва маданиятининг ажралмас бир қисмини ташкил этадиган, маънавий тараққиётимиз учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган қадимий қўлёзмалар, санъат асарлари, осори-атиқаларни сақлаш, уларни илмий тадқиқ этиш, юртимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида тарғиб қилиш юзасидан кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, хорижий давлатларнинг музейлари ва архив фондларида сақланаётган мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий мерос ёдгорликларини аниқлаш ва тадқиқ этиш, тарихий экспонатларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини, фото ва видеотасвирларини юртимизга олиб келиш юзасидан ҳам эътиборга молик ишлар ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

Ана шундай диққатга сазовор ишлардан бири Ўмон Султонлиги билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ва Ўмон Султонлиги ўртасидаги муносабатлар ўзаро манфаатдорлик асосида тобора ривожланиб бормоқда. Мамлакатларимиз халқларини дўстона алоқалар ва муштарак диний қадриятлар боғлаб туради.

Кўпгина соҳаларда бўлгани сингари мамлакатларимиз ўртасида маданий, адабий ва тарихий босма нашрлар, архив иши, манбаашунослик, библиография, ҳужжатларни сақлаш ва консервация қилиш йўналишларида ҳам ўзаро ҳамкорлик муносабатлари йўлга қўйилган.

Бу борадаги алоқаларнинг амалий натижаси ўлароқ, Ўмон Султонлигининг Ҳужжат ва архивларни сақлаш миллий бошқармаси кўмагида АҚШ Конгресси ва Германиянинг Лейпциг университети кутубхоналарида сақланаётган Темурийлар тарихига оид қатор қўлёзмалар тўпламининг электрон нусхалари мамлакатимизга олиб келинди.

Ушбу ноёб ҳужжатлар юртимизда Темурийлар тарихига оид  маълумотлар базасини бойитишга ва бу йўналишда илмий тадқиқотлар олиб бориш нуқтаи назаридан муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net