“ТАСС” ахборот агентлигининг Уралдаги ваколатхонасида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти тақдим этилди

11.08.2022 23:06

ЕКАТЕР?НБУРГ, 11 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан жорий йил 9 август куни “ТАСС” ахборот агентлигининг Уралдаги ваколатхонасида матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Бош консулхонанинг таклифига биноан Урал туризм уюшмаси (УТУ) президенти Михаил Мальцев ҳамда россиялик ёзувчи, “Мой Узбекистан” китобининг муаллифи Дарья Сиротина (онлайн тарзда) ҳамда Уралда фаолият кўрсатадиган йирик оммавий ахборот воситалари ҳамда “Вести” федерал телекомпаниясининг вакиллари иштирок этдилар.

Матбуот анжумани бошланишидан олдин Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти ва улкан сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги ҳужжатли видео материал намойиш этилди. Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Бош консулхона томонидан республикамизнинг бой сайёҳлик салоҳияти тўғрисидаги батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Хусусан, республикамизда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида сўнгги йиллар давомида туризм соҳасида амалга оширилган ва бугунги кунда ҳам жадал суръатларда ҳаётга тадбиқ этилаётган ислоҳотлар, хорижлик сайёҳлар учун яратилган шароитлар, виза ислоҳотлари, туризмнинг янги турлари, туризм милицияси тузилмаси, мамлакатнинг хавфсизлиги ҳамда Ўзбекистоннинг туризм соҳасида эришган халқаро муваффақиятлари, жумладан, 2023 йил Самарқанда ўтказилажак Халқаро туризм ташкилотининг анжумани, шунингдек, Ўзбекистон ва Россиянинг бу йўналишдаги самарали  ҳамкорлигига доир батафсил маълумотлар журналистларнинг эътиборига ҳавола қилинди.   

Логистика нуқтаи назаридан Екатеринбургдан Ўзбекистоннинг ўнга яқин шаҳарларига бевосита авиақатновлар мавжудлигини инобатга олиб, уралликлар республикамизга саёҳат қилишга чорланди, жумладан, Тошкентдан транзит  хаб сифатида фойдаланилган ҳолда учинчи давлатларга учиш, транзит сайёҳ сифатида Тошкентда бир неча кун қолиб “Шарқ юлдузи” номини олган азим пойтахтимизнинг дилтортар масканларидан баҳраманд бўлиш таклиф қилинди.  

Тарихчи – Урал туризм уюшмаси президенти Михаил Мальцев ўз нутқида кўҳна Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари жаҳон тамаддуни ривожида алоҳида ўрин тутиши боис хорижлик сайёҳларни, жумладан, россияликларни ҳам ўзига ром этиши бежиз эмаслигини алоҳида таъкидлади.

Унинг айтишича, кейинги йилларда свердловсклик сайёҳлар учун Ўзбекистон алоҳида танланган йўналишга айлангани ва Екатеринбургдан Ўзбекистоннинг бир қатор шаҳарларига авиақатновлар йўлга қўйилгани бунинг яққол тасдиғи ҳисобланади. Михаил Мальцев мамлакатимизда жуда кўплаб тарихий ёдгорликлар мавжудлиги, улар бугунги кунда Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўз қорачиғидек авайлаб асралаётганини эътироф этди.

Ўз навбатида, Дарья Сиротина Бош консулхона томонидан Ўзбекистон туризмини тарғиб қилишда олиб бораётган фаолиятига юқори баҳо берар экан, бунда ўзининг ҳам камтарона ҳиссаси борлигини фахр билан қайд этди. У тақдимот иштирокчиларига ўзининг ижод маҳсули бўлган “Мой Узбекистан” китобининг ёзилиш тарихи ҳақида атрофлича тўхталди

“Китоб 4 минг нусхада чоп этилгани ҳолда энг кўп сотиладиган бестселлер китоблар қаторидан жой олди, - деди у. - Бугунги кунда ушбу китоб заҳирада мавжуд эмас. Унинг кўп сотилиши русийзабон халқларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишининг тобора ортиб боратганидан далолатдир.

Тақдимот интиҳосида Дарья Сиротина иштирокчиларни  яна бир муҳим нуқтага эътибор қаратишга чақирди: “Биз Ўзбекистоннинг бой тарихи, обидалари ҳақида жуда кўп асосли гапиришимиз мумкин, лекин ушбу диёрнинг яна бир бойлиги – бу юртда яшовчи халқнинг меҳмондўстлигини алоҳида эътироф этишимиз лозим”, деди у. 

Ушбу тадбир тафсилотлари Уралнинг қатор оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net