«Tashkent Law Spring» II Халқаро юридик форуми қолдирилди

10.03.2020 18:15

ТОШКЕНТ, 10 март. /«Дунё» АА/. Жорий йилнинг 23-25 апрель кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган «Tashkent Law Spring» II Халқаро юридик форумини ўтказиш кейинга қолдирилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири адлия вазирлиги манбасига таяниб.

Бундай қарор Форум қатнашчилари, шу жумладан, хорижий меҳмонлар ва юртимиз фуқаролари орасида коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олиш мақсадида қабул қилинди.

Ташкилий қўмита илгари рўйхатдан ўтган шахсларни Форум қолдирилгани ҳақида хабардор қилиш бўйича ишларни амалга оширади, шунингдек, Форумнинг ўтказиладиган аниқ санасини қўшимча равишда кейинроқ эълон қилади.

Форумнинг кейинга қолдирилиши илгари эълон қилинган «Энг яхши юридик хизмат», «Энг яхши адвокатлик тузилмаси» республика танловлари ўтказилишига таъсир кўрсатмайди.

Эслатиб ўтамиз, «Tashkent Law Spring» мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба давлат идоралари вакиллари, халқаро, миллий ва хорижий юридик ва консалтинг ташкилотлари, шунингдек, академиклар ва экспертларни жалб қилган марказга айланди.

У қонунчиликни ривожлантиришнинг замонавий тенденцияларини муҳокама қилиш ва Ўзбекистон миллий қонунчилигини модернизация қилишда илғор тажрибани қўллаш учун очиқ майдон ҳисобланади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net