Таиландда Ўзбек тили байрами куни муносабати билан адабий кеча ташкил этилди

14.10.2021 14:38

БАНГКОК, 14 октябрь. /«Дунё» АА/. 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни арафасида Ўзбекистоннинг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонасида Таиланд ҳудудида истиқомат қилаётган ватандошлар ва ўзбек тили ихлосмандлари бўлган чет эл фуқаролари иштирокида адабий-бадиий кеча ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Адабий кечада Бош консулхона томонидан иштирокчиларга ўзбек тилининг тарихи, унга давлат тили мақоми берилиши ҳамда ўзбек тилини ривожи бўйича амалга оширилган ишлар, жумладан 2020 йил 10 апрель куни қабул қилинган «Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонуни тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги мавқеини юксалтириш учун Таиланд ҳудудида меҳнат қилаётган ватандошларимиз ҳам ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканлигини билдирди. Таиландлик ёшлар номидан  Таммасат университети битирувчиси, Буюк Британиянинг Эссекс университети магистранти Муанварт Бурирак  Ўзбек тили байрами куни муносабати билан ўз табригини йўллади ва Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфининг «Ўзбек тили» шеърини ўзбек тилида ўқиб берди.

Тадбир давомида, шунингдек, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш борасида Бош консулхона ҳузурида ташкил этилган 40-сайлов участкасида Ўзбекистон Президенти сайловини юқори даражада ташкил этиш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net