Сурхондарё: «Айритом» чегара-божхона постида Туризм ахборот маркази ишга тушди

16.02.2021 10:43

ТОШКЕНТ, 16 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг жанубий дарвозаси – «Айритом» чегара-божхона постида барча шароитларга эга замонавий туризм ахборот маркази ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотига таяниб.

Афғонистондан юртимизга меҳмонлар Сурхондарё вилоятининг «Айритом» чегара божхона пости орқали кириб келади. Ўтган йили мазкур пост орқали 40 мингга яқин юк ва енгил автотранспорт воситаси ҳаракатланиб, кунига ўртача 100-110 та транспорт божхона назорати ва кўригидан ўтказилган.

Чегара-божхона постининг замонавий, илғор назорат техник ускуналари, ахборот технологиялари билан жиҳозлангани автотранспорт воситалари ҳамда йўловчиларни тезкор божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиш учун қатор қулайликлар яратилди. Бу ерда барпо этилган Туризм ахборот маркази Ўзбекистонга келаётган меҳмонларни мамлакатимизнинг бой туристик салоҳияти ҳамда сайёҳларга хизматлар кўрсатувчи субъектлар билан яқиндан таништириш ва шу ернинг ўзида турли хизматларни тақдим этишда муҳим аҳамият касб этади. 

Жанубдаги дарвозада “Қобул–Термиз” масъулияти чекланган жамияти барпо этган инновацион марказда Ўзбекистондаги барча туристик объектлар, меҳмонхоналар, транспорт қатновлари, овқатланиш шохобчалари ва бошқа хизматлар кўрсатиш тармоқлари ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд. 

Янги марказ вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси томонидан ўзбек ва хорижий тиллардаги бепул туристик хариталар, рисолалар, флайерлар билан таъминланди. Айни пайтда марказда хорижий тилларни чуқур биладиган ходимлар сифатли, тезкор хизмат кўрсатиб, меҳмонларни соҳадаги янгиликлар, қўшимча хизмат шохобчалари билан яқиндан таништирмоқда.

Бундан ташқари, жорий йилда жанубдаги вилоятнинг Тожикистон Республикаси чегарасидаги «Сариосиё» божхона-чегара постида ҳам замонавий туризм ахборот маркази барпо этилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net