Сума Чакрабарти: Ўзбекистон Президенти номидан «Дўстлик» орденини олиш мен учун катта шараф

15.07.2020 17:19

ТОШКЕНТ, 15 июль. /«Дунё» АА/. Кеча, 14 июль куни ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида 2012 йилнинг июлидан 2020 йилнинг июлига қадар Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти лавозимида фаолият юритган Сума Чакрабартига «Дўстлик» орденини топшириш маросими видеоконференция шаклида ўтказилди.

Маросим Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов томонидан ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонида Сума Чакрабартининг «Ўзбекистон билан ЕТТБ ўртасида стратегик шерикликни йўлга қўйиш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш» борасидаги хизматлари алоҳида қайд этилган.

Бундан ташқари, ҳужжатда С.Чакрабартининг «Мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастури самарадорлигини ошириш, шунингдек, республикада қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яратиш жараёнларини фаоллаштириш»га қўшган ҳиссаси алоҳида таъкидланди.

Тадбир чоғида С.Чакрабартига Ўзбекистонда изчил ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунни ва капитал бозорини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, шунингдек, банк сектори ва давлат корхоналарини ислоҳ қилиш жараёнларини қўллаб-қувватлагани ва бошқа қатор масалаларда ёрдамлашгани учун алоҳида миннатдорлик билдирилди.

Тадбир иштирокчиларининг таъкидлашича, С.Чакрабартининг ёрдами туфайли ЕТТБ қисқа вақт ичида Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорларидан бирига айланди. Қўшма лойиҳалар портфели нолдан 1,2 миллиард еврогача ўсди. Ҳозирги кунда ўзаро ҳамкорлик энергетика, инфратузилмавий қурилиш, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришдек кенг кўламли устувор йўналишларни қамраб олади. Шунингдек, 1 миллиард евродан ортиқ суммага тенг навбатдаги лойиҳалар портфели ҳам ишлаб чиқиш босқичида.

— Ўзбекистон Президенти номидан «Дўстлик» орденини олиш мен учун катта шараф, — деди, С.Чакрабарти. — Ҳамкорлигимиз йўлида эришилган муваффақиятлар давлат раҳбари томонидан ана шундай юксак баҳолангани мени ғоят қувонтиради. Ўзбекистондаги фаол ишларимизнинг бошиданоқ бу мамлакатнинг улкан иқтисодий салоҳиятига қатъий ишонч билан қарардим ва ҳозир ҳам меҳнатларимиз самарасини кўриб, фикримда янглишмаганимни англаганимдан хурсандман. ?шончим комилки, ЕТТБ раҳбари сифатида ўз ваколатимни тугатганимдан кейин ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорлик давом этади.

Маросим якунида иштирокчилар эришилган юксак даражадаги  ишонч ва шерикликни сақлаб қолиш орқали Ўзбекистон билан ЕТТБ ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга умид билдирди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net