Суд тизимини рақамлаштириш орқали қатор қулайликлар яратилади

18.09.2020 14:09

ТОШКЕНТ, 18 сентябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида матбуот анжумани ташкил қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур анжуманда Олий суд судьялари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар, хусусан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ҳамда шаффофликни таъминлаш имкониятлари яратилгани айтилди.

Ўзбекистон Олий суди Ахборот коммуникациялар ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғи Баҳром Очилов суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича шу кунга қадар амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

– 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, жиноят бўйича судларнинг 43 минг  46 та, фуқаролик бўйича судларнинг 320 минг 104 та, маъмурий судларнинг 255 минг 73 та ва иқтисодий судларнинг 453 минг 726 та, жами 1 миллион 71 минг 949 та ижро ҳужжатлари “E-XSUD” ва “E-SUD” ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилган. Мазкур тизим ижро ҳужжатларини инсон омилисиз судьялар ўртасида тақсимлашга имкон яратди.

Олий суднинг ?нтерактив хизматлар портали my.sud.uz сайтида “Электрон тўлов тизими” рукни орқали давлат божлари ва судга мурожаат қилишдаги йиғимлар суммаси ҳисобини юритиш учун ягона биллинг тизими яратилган. Мазкур тизим фуқаролар ва тадбиркорларга судга мурожаат қилишда керак бўлган тўловларни тез ва осон амалга оширишига хизмат қилди. Тўловлар исталган усулда, жумладан электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилди.

Анжуман доирасида соҳада мавжуд муаммолар ҳам тилга олинди. Хусусан, судларда ишларни кўриш мақсадида вазирлик ва идоралар ўртасида маълумот алмашиш ишлари интеграция қилинмагани туфайли улар қоғоз шаклида амалга ошириб келинмоқда. Бундан ташқари, судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш талаб этилади.

Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони, шунингдек, жорий йил 3 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида 2020 ― 2023 йилларга мўлжалланган суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури ишлаб чиқилди. Мазкур дастур қуйидаги тадбирларни қамраб олади:

  • Ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада ривожлантириш;

  • Суд ҳокимияти органлари фаолиятини янада рақамлаштириш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг улар билан электрон ҳамкорлигини таъминлаш;

  • Одил судловни амалга ошириш учун зарур маълумотлар талаб қилиб олинадиган давлат органлари ва ташкилотлари билан маълумотларнинг электрон алмашинувини йўлга қўйиш;

  • Суд ҳокимияти органлари фаолиятига жорий этилган ахборот тизимларидан кенг ва самарали фойдаланиш бўйича ташкилий тадбирлар.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;

2021 йил 1 июлдан бошлаб:

  •  апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;

  • барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул асосда хабардор қилинади;

  • суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этилади;

  • суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйилади;

Шунингдек, 2023 йил 1 январдан бошлаб суд ишлари давлат архивига электрон шаклда топширилади ва қабул қилинади.

 

Ҳасанбой Ортиқов,

“Дунё” АА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net