Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти: Ўзбекистон халқаро транспорт йўлакларига фаол қўшилмоқда

14.08.2020 16:52

ТОШКEНТ, 14 август. /«Дунё» АА/. “Tehran Times” нашри «Эрон-Афғонистон-Ўзбекистон» транзит автомобил йўлаги синов лойиҳасининг бошлангани ва муваффақиятли амалга оширилгани ҳақида хабар берди. Эрон транзит бюроси (IRICA) бош директори Мостафа Аятининг сўзларига кўра, Эрон транспорт йўлаги орқали Ўзбекистонга Шаҳид Ражаи портидан Жанубдаги порт шаҳри Бандар Аббосга биринчи транзит юкларини юборди. Ушбу юк Афғонистон билан чегарадош Догҳарун терминали орқали ўтади.

“Дунё” ахборот агентлиги мухбири Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим мудири Фаррух Жўраевнинг ушбу воқеа юзасидан фикр-мулоҳазалари билан қизиқди:

– Шубҳасиз, «Шимол – Жануб» халқаро транспорт йўлагининг муҳим таркибий бўғинига айланиши мумкин бўлган ушбу магистралнинг транзит имкониятларидан самарали фойдаланиш кенг Евроосиё минтақасида иқтисодий, ижтимоий тараққиётга ҳисса қўшади, минтақалараро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиради.

Шу билан бирга, амалдаги Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон автомобиль йўлагини ҳисобга олсак, ушбу транзит йўли “Шарқ – Ғарб” халқаро транспорт йўлагининг муҳим қисмига айланиши мумкин. Шу муносабат билан, эслаб ўтиш ўринли, Марказий Осиё мамлакатлари аллақачон Боку – Тбилиси – Карс транспорт йўлаги доирасида фаол ҳамкорлик қилмоқда, у орқали 2020 йил бошидан бошлаб Грузияга Ўзбекистон орқали юк ташиш йўлга қўйилди. Ушбу йўналиш Туркия ва Европадан Марказий Осиё ва Хитойга ва аксинча мунтазам юк ташишни йўлга қўйиш имконини беради. Марказий Осиёни Каспий денгизи орқали Европа билан боғлаш юк ташиш вақти ва масофани сезиларли қисқартириш имконини беради.

Умуман олганда, Марказий Осиёда кенг транспорт-коммуникация тизимининг шаклланиши минтақанинг транспорт ва транзит салоҳиятини тўлиқ амалга оширишга имкон беради ва Марказий Осиё маконининг барқарор ривожланиши учун таъсир кўрсатади.

Транспорт йўлаги келажакда Марказий Осиёни Ҳинд океани ва Форс кўрфази портларига энг қисқа йўл очадиган ва Жанубий Осиёни Европа ҳамда Хитой бозорлари билан боғлайдиган трансафғон йўлаги салоҳиятини ривожлантиришга янги туртки беради.

Афғонистоннинг қуруқлик кўприги сифатидаги салоҳиятини англаш, ўз навбатида, Афғонистоннинг барқарор ривожланиши ва минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга қўшилишида муҳим омил бўлади.

Бу Афғонистоннинг тинч иқтисодиётини тиклашни ушбу мамлакатдаги вазиятни узоқ муддатли барқарорлаштиришнинг муҳим шарти деб биладиган Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий устувор мақсадларига тўлиқ мос келади.

Ўзбекистон ушбу йўналишда салмоқли ишларни амалга оширмоқда, бу айниқса пандемия шароитида яққол намоён бўлди. 2020 йилнинг биринчи ярмида темир йўл транспорти 50,7 фоизга ўсиб, 2,2 миллион тоннани ташкил этди. Шу билан бирга, ўзаро савдо ҳажми сезиларли даражада кенгайди. Хусусан, ушбу даврда Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасида савдо ҳажми 24 фоизга ўсиб, 332,9 миллион долларни ташкил этди. Бу гуманитар инқироз шароитида Афғонистонда барқарорликни таъминлашда муҳим омил бўлди.

Шу билан бирга, кенг Евроосиё минтақасида, шу жумладан Марказий Осиёда транзит имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича ишларни давом эттириш керак.

Бунинг учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни транспорт турларини боғлайдиган логистика марказлари инфратузилмасини ривожлантириш, мавжуд тармоқлар ва транспорт воситаларини модернизация қилиш, транспорт соҳасидаги стандартларни уйғунлаштириш ҳамда бирлаштириш жараёнини тезлаштириш, шунингдек, фитосанитария қоидаларини бажариш муҳим аҳамиятга эга.

Божхона ва виза тартибини соддалаштириш, шунингдек, давлат чегараларидаги назорат-ўтказиш пунктлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор бериш керак.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилда Тошкентда бўлиб ўтган "Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва амалга оширилмаган имкониятлар" конференциясида илгари сурган ташаббуслари, хусусан, минтақавий транспорт йўлакларини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуси муҳимдир. Марказий Осиё транспорт тизимини барқарор ривожлантириш дастури ва Марказий Осиё давлатларининг транспорт коммуникациялари бўйича минтақавий кенгашини шакллантириш, бу транспорт ва логистика соҳасида мавжуд муаммоларни ҳал қилишда мувофиқлаштирувчи тузилма бўлиб хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net