Ўзбекистонда бадминтон спорт турини оммалаштириш учун махсус кафедра ташкил этилади

13.03.2020 12:58

ТОШКЕНТ, 13 март. /«Дунё» АА/. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 11 март куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида бадминтон спорт турини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида айтилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур қарор билан мамлакатимизда бадминтон спорт турини ривожлантириш  ва унинг оммавийлигини таъминлаш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Дастурдан асосий мақсад мазкур спорт тури билан шуғулланувчилар учун зарур шароит яратиш, ушбу йўналишда давлат-хусусий шериклиги асосида субъектлар фаолиятини ривожлантиришдан иборат.

Бундан ташқари аҳолининг кенг қатламлари ўртасида бадминтон бўйича оммавий соғломлаштириш ишларини ривожлантириш, мусобақаларни ўтказиш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва мақсадли тайёрлаш вазифалари бажарилади.

 Ўзбекистонда бадминтон спорт турини янада ривожлантириш мақсадида ушбу спорт тури бўйича юқори натижаларга эришган мамлакатлар тажрибаси ўрганилиб, зарур ҳолларда хорижий тренерлар ва мутахассислар жалб қилинади.

Дастурда аҳоли  ва ёшлар ўртасида мазкур спорт тури оммавийлигини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, электрон ва интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ушбу спорт турини тарғиб қилиш ишларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Қарорга мувофиқ, Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида 2020 йилдан бошлаб бадминтон спорт тури учун 3 ойлик қайта тайёрлаш курслари ташкил этилади.

Шунингдек, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг бакалавриатига 2020/2021 ўқув йили учун қабул параметрларини тақсимлашда бадминтон спорт тури учун квоталар оширилади.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб университетда бадминтон спорт тури учун кафедра ташкил қилинади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net