ТОШКЕНТ, 10 февраль. /«Дунё АА»/. Тошкентнинг «Пахтакор» футбол клуби Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 1-тур доирасидаги биринчи учрашувини ўз майдонида ўтказди. Унда пойтахтликлар Бирлашган Араб Амирликларининг «Шабаб Ал Аҳли» жамоаси билан тўп суриб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашувдаги дастлабки гол 18-дақиқада Жалолиддин Машарипов томонидан киритилди. Шундан сўнг БАА жамоаси футболчилари майдондаги ташаббусни ўз қўлига олди. Натижада ўйининг 67-дақиқасида Педро Конде Элдор Суюнов қўриқлаётган дарвозага тўп киритиб, ўртадаги ҳисобни тенглаштирди.
Орадан уч дақиқа ўтар-ўтмас футболчиларимиз рақиб дарвозасини иккинчи маротаба ишғол этди. Бу сафар тошкентликлар голи Драган Черан номига ёзилди. Ушбу ҳисоб ўйин охиригача ўзгармади.
Якунда Пахтакор «ОЧЛ-2020» даги биринчи учрашувда 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ўз ҳисобига уч очкони ёзиб қўйди.