ТОШКЕНТ, 4 март. /«Дунё» АА/. Эстонияда ўтказилган бадиий гимнастика бўйича «Мисс Валентине» Гран-при мусобақасида Ўзбекистон вакиллари муваффақиятли қатнашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ушбу Гран-прида 6 нафар бадиий гимнастикачи қизларимиз, жамоавий баҳсларнинг уч йўналишида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Жумладан, Ўзбекистон жамоаси кўпкураш йўналишида Россия ва Туркия спортчиларини ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллади. 5 та тўп билан жамоавий баҳсларда қизларимиз россияликлардан кейин иккинчи бўлди. 3 ҳалқа билан жуфтликда ишлаш бўйича ўтказилган баҳсларда ҳам иккинчи натижа қайд этилди.
Эстонияда ўтказилган ушбу турнир биринчи бор олий тоифали мусобақа сифатида ташкил этилиб, унда Олимпиада совриндорлари ва бир қатор халқаро мусобақаларнинг кўп карра ғолиб гимнастикачилари иштирок этди.