ТОШКЕНТ, 10 февраль. /«Дунё» АА/. Жорий йил 14-16 февраль кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида каратэнинг WKF йўналиши бўйича Премьер-лига турнири бўлиб ўтади. Токио – 2020 Олимпиада ўйинларига рейтинг балларни тақдим этадиган мазкур мусобақада терма жамоамиз вакиллари ҳам иштирок этади, деб хабар бермоқда «Дунё» мухбири.
Айни пайтда мусобақада қатнашувчи спортчилар таркиби шакллантирилиб, тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда.
Турнир олдидан ҳакамлар учун халқаро семинар ўтказилиши белгиланган. Унда ҳам ҳакам сифатида иштирок этадиган 3 нафар ўзбекистонлик вакил қатнашади. 13 февралга қадар давом этадиган семинарда каратэ қоидаларига киритилган ўзгартириш, жангларни баҳолашдаги янгиликлар ҳақида маълумотлар берилади.