II Тошкент Халқаро марафони олдидан матбуот анжумани ўтказилди

20.02.2020 12:10

ТОШКЕНТ, 20 февраль. /«Дунё» АА/. Жорий йилнинг 22 март куни «Наврўз» умумхалқ байрамига бағишланган II Тошкент халқаро марафони ўтказилади. Бугун Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида мазкур мусобақага бағишланган матбуот-анжумани ташкил қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Ўзбекистон Олимпия қўмитаси манбасига таяниб.

Унда МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимов, жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Элбек Шукуров, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси Андрей Абдувалиев ва федерация мутасаддилари, шунингдек, халқаро экспертлар ва ОАВ ходимлари, юртимизнинг кўзга кўринган спортчилари қатнашди.

— Бундай спорт мусобақаларининг ташкил этилиши Президентимиз раҳнамолигида юртимизда жисмоний тарбия ва спорт ривожи бўйича олиб борилаётган сиёсатнинг узвий давомидир,— деди Ойбек Қосимов.— Бу йилги атлетика марафонини янада юқори савияда ташкил қилишни режалаштирганмиз. Яна бир аҳамиятли жиҳати профессионал атлетларимиз ушбу мусобақа орқали Токио-2020 Олимпиадаси йўлида қимматли рейтинг очколарини жамғариш имкониятига эга.

Мусобақа регламентига кўра, баҳслар 4 хил — марафон (42 км 195 метр), ярим марафон (21 км 97,5 метр), 3 км ва 1,5 км масофаларда ўтказилади. Аҳамиятлиси, марафон дистанцияси Жаҳон енгил атлетикаси (World Athletics) ташкилотининг Халқаро узоқ масофа ва марафонлар ассоциацияси томонидан сертификатланган.

II Тошкент Халқаро марафонининг умумий соврин жамғармаси 350 миллион сўмни ташкил қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net