Германияда 80 нафардан зиёд немис ёшлари ўзбек кураши билан шуғулланмоқда

10.03.2020 18:25

БЕРЛ?Н, 10 март. /«Дунё» АА/. Германиянинг Хайденхайм, Гинген ва Штутгарт шаҳарларида ўзбек миллий кураш спорти бўйича тўгараклар ташкил қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тўгаракларда 80 нафардан зиёд немис йигит-қизлари ўзбек кураши сирларини ўрганмоқда. Уларда Владимир Любко, Эдуард ва Юри Маркер, Юрий Лой, Владимир Берг Сениор каби германиялик курашчилар мураббийлик қилмоқда.

Халқаро кураш ассоциацияси, Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Германия кураш федерацияси Германиядаги кураш тўгараклари фаолиятини қўллаб-қувватламоқда.

Куни кеча мамлакатимиз Бош консулхонаси ва Германия кураш федерацияси вакиллари Хайденхайм шаҳридаги «Heidenheim 1846 e.V.» спорт клубида бўлиб, ўзбек кураши бўйича машғулотларда қатнашди, мураббий ва спортчилар билан учрашди.

Мулоқот чоғида «Heidenheim 1846 e.V.» спорт клуби базасида Германиянинг Бад-Киссинген ва Вюрцбург шаҳарларида ҳам шу каби тўгаракларни очиш масаласи муҳокама қилинди.

– Ушбу спорт турини танлашимга ўзбек миллий курашининг инсон танасига шикаст етказмаслик ва техник жиҳатдан тезкорлик тамойилиги асослангани сабаб бўлди, – деди тўгарак аъзоси Беркан Дара. – Бўш вақтимда айни спорт тури билан шуғулланишни хуш кўраман. Бу менда илдамлик ва барқарорлик қобилиятини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Келгусида ўзбек кураши бўйича Европа ва Жаҳон чемпионатларида муносиб иштирок этиш ва ғолибликни қўлга киритиш.

Учрашувда жорий йилнинг июнь ойида Умумгермания иккинчи кураш турнирини юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Унда Ўзбекистон, Греция, Украина, Россия ва Европанинг бошқа давлатларидан спортчиларни таклиф этишга келишиб олинди.

Ўз навбатида, ўзбек миллий спортини Германияда тарғиб қилишда фаол ҳисса қўшаётган мураббий ва спортчилар Бош консулхона томонидан муносиб тақдирланди, фахрий ёрлиқлар топширилди.

Хайденхайм шаҳридаги ушбу тўгарак Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси ташаббуси билан 2018 йилда ташкил қилинган. Эдуард Маркер «Heidenheim 1846 e.V.» спорт клуби базасидаги ўзбек кураши тўгарагида мураббийлик қилиб келмоқда. Айни пайтда клуб спортчилари Европа ва Жаҳон чемпионатларида жиддий рақиб сифатида муносиб иштирок этмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net