ДХХ кубогининг наманганлик ғолиблари аниқланди

29.07.2022 18:28

Наманганда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси кубогининг футбол ва мини-футбол бўйича мусобақаларининг вилоят босқичи баҳслари ўтказилди.

Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантиришга қаратилган мусобақада уюшмаган ёшлар, кам таъминланган оила фарзандлари, имконияти чекланган 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлардан иборат жамоалар иштирокидаги ҳал қилувчи учрашувлар Давлатобод туманидаги “Марказий” ўйингоҳ захира ва мини-майдонларида кечди.

Миллионлар ўйинининг финал учрашувида Косонсой туманининг “Олмазор” ва Чортоқ туманининг “Кесканёр” маҳалла фуқаролар йиғинлари жамоалари майдонга тушди. Муросасиз руҳда ўтган беллашувда 2:1 ҳисобида зафар қучган кесканёрликлар бош соврин соҳибига айланди ва ДХХ кубогининг Республика босқичи йўлланмасини қўлга киритди.

Учинчи ўрин учун кечган ўйинда Поп туманининг Марғизор маҳалласи ёшларидан 2:1 ҳисобида устун келган Тўрақўрғон туманининг “Чорбоғ” МФЙ жамоаси ҳам совриндорлар қаторидан жой олди.

Мусобақанинг мини-футбол ўйинлари ҳам кўпчиликнинг олқишларига сазовор бўлди. Ҳал қилувчи учрашувида Чустнинг Тошқўрғон ва Давлатобод туманининг Қуйи Ровустон маҳаллалари жамоалари ўзаро баҳс юритди. Ғолибни аниқлаш учун ўйиннинг асосий вақти етарли бўлмади (дуранг 3:3). Пойтахтга борадиган бахтли жамоа “омад лотереяси”да аниқланди. Пенальтилар сериясида эса зарбаларни рақибга қараганда аниқроқ амалга оширган (5:4) чустликлар мусобақа ғолиби сифатида эътироф этилди.

Кучли учликка аниқлик киритиб берган ўйинда Янгиқўрғоннинг “Навкент” МФЙ жамоаси Чустнинг Келачи маҳалласи ҳаваскор спортчиларини 4:3 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Мусобақа якунида ДХХ кубоги ғолиб ва совриндорларини тантанали тарзда тақдирлаш маросими бўлди. Махсус кубоклар ва медалларни Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бўйича бошқармаси бошлиғи Алишер Эркаев ўз соҳибларига топширди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net