Янги Ўзбекистоннинг янги тарихи тарих зарварақларида олтин ҳарфлар билан битилади

28.01.2020 10:30

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мамлакатда янгиланишларнинг янги даврини бошлаш учун муҳим дастуриламалдир.

Мурожаатномада янги таркибдаги парламент ва ҳукумат олдига муҳим вазифалар қўйилди. Халқ фаровонлиги йўлида режалаштирилган  устувор мақсадлар қамровлидир. Шунингдек, иқтисодиётни ривожлантириш орқали ўзбекистонликларнинг ижтимоий аҳволи ва турмуш- фаровонлигини янада юксалтириш омиллари кўрсатиб ўтилди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, янги сиёсий ва тарихий муҳитда ўтган парламент  сайлови ҳам демократик ислоҳотларни янгича босқичини амалда татбиқ этилганидан далолат беради. «Янги Ўзбекистон – янги сайловлар» шиори остида ташкил этилган сайлов жараёни эркин рақобат ва демократик тамойиллар асосида кечганини сиёсий партиялар электоратларининг ниҳоятда фаоллиги ҳамда халқаро кузатувчиларнинг фикрлари орқали пайқаш қийин эмас.

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномада барча соҳаларда ютуқларга илм орқали эришилишига алоҳида урғу берилди. Жумладан, « Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз», деди. Давлат раҳбари нутқида янгича ислоҳотларга илм-маърифат ва инновация орқали мақсадга эришиш назарда тутилган.

Масалан, мактабгача таълим соҳасини янада ривожлантириш, Президент  ва ижод мактабларини иш бошлаши, олий таьлим тизимини тубдан ислоҳ қилиш,  янги олий ўқув юртларини ташкил этиш, етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда иш юритиш ва талабалар сонини икки баробарга кўпайтириш вазифаси ана шу мақсад сари қўйилаётган дадил қадамлардир.

Президент Мурожаатномасида соғликни сақлаш соҳасига ҳам катта аҳамият қаратди.  Бу йўналишда Ўзбекистонда сўнгги йилларда олдинга силжишлар сезилмоқда. Давлат ҳамда хусусий тиббиёт муассаларини ташкил этилаётгани тизим тараққиётида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу вазифалар изчил давом эттирилиши яна бир бора айтиб ўтилди. Шунингдек, шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, даромадини кўтариш масаласи кун тартибига қўйилди.

Бизга, айниқса, давлат раҳбарининг «Халқ давлат ташкилотларига эмас, балки давлат ташкилотлари халққа хизмат қилиш керак» деган ғояси жуда маъқул келмоқда. Ҳақиқатан ҳам баъзи давлат идоралари ходимлари ўз хизмат мавыеини суъистемол қилган ҳолда, аҳолини сарсон қилиш ҳоллари учраб туради. Қуйи поғонадаги мутассаддилар эса оддий аҳоли ҳолидан хабар олмайди. Бу нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий давлатларда ҳам кузатилаётган жараён. Ўзбекистонда Халқ қабулхоналарининг ташкил этилгани бундай муаммоларни анча камайтирди. Улар халқнинг муаммолари ечимини топиш учун тинимсиз  иш юритяпти. Бу ҳам бўлса, мамлакат Президентининг топилмасидир.

Президент Шавкат Мирзиёев  замонавий дунёда жуда тез тараққий этиб бораётган рақамли иқтисодиётни барча соҳаларга жадал ривожлантиришга ҳам жиддий ёндашди. Рақамли иқтисодиёт - бу замон талаби. Мазкур соҳа инсон капитали ҳамда интеллектуаллик фаолиятини ривожлантириб, янги инновацион лойиҳаларни амалга оширишга туртки бўлади. Замонавий рақамли технологияни амалда татбиқ этиш,  барча давлатлардаги  энг оғир иллат бўлган коррупцияни олдини олишга хизмат қилади.

Афсуски, коррупция муаммоси бугун фақат Ўзбекистонни безовта қилмаяпти. Бу муаммо барча давлатлар олдида турган замонавий хавфдир.  Коррупция давлат тизимини ичдан емириб, келгусида иқтисодий инқирозга, таназзулга олиб келиши ҳеч  биримизга сир эмас. Ўзбекистонда порахўрлик, таъмагирликка  қарши курашиш учун алоҳида ташкилот тузилиши ғоят долзарб масаладир. Ўйлайманки, бундай органнинг  тузилиши коррупциядан холи жамият қуришда Ўзбекистонга ёрдам беради.

Аввал иқтисод, кейин сиёсат деганларидек, Ўзбекистон бугунги кунда кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш борасида етакчи ривожланаётган мамлакатлар сирасига киради. Ҳукумат тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, қатор имтиёзлар бераяпти. Улар давлат иқтисодиётини кўтарилишига, ялпи ички маҳсулот кўрсаткичларини янада ошишига,  янги иш ўринларини яратишга салмоқли улуш қўшаётганини ҳеч ким инкор этолмайди. Мурожаатномада бу йўналишда ҳали қилишини керак бўлган вазифалар очиқ айтилди. Тадбиркорларни безовта қилаётган муаммоларни тезроқ ҳал этишга бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши, соҳага тўсиқ бўлаётган ҳуқуқий-меёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқилши таъкидланди. Ўйлайманки, тадбиркорлик ва хусусий мулк дахлсизлигига Президент томонидан берилаётган юксак эътибор мамлакатда хорижий инвестициялар кириб келишида муҳим аҳамият касб этади.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз Мурожаатномасида жамоатчилик  эътиборини яна бир муҳим муаммога қаратди. Бу фуқаролик масалалари ва инсон ҳуқуқларини таьминлаш масалаларидир. Ўзбекистон ҳудудида яшаб, меҳнат қилиб келаётган, оила қуриб, фарзандли бўлган кўплаб хорижлик инсонлар ҳанузгача мамлакат фуқаролигини ололмаётган эди.  Ушбу  масаланинг ижобий ҳал қилиниши давлат раҳбарининг одилона ва оқилона сиёсатидан дарак беради. Биз Шавкат Мирзиёевнинг халқ Президенти эканига ана шу муаммони баралла кўтарганидан кейин яна бир карра амин бўлдик.  Президентнинг Ўзбекистонга  ва унинг халқига  бўлган меҳр муҳаббати ва садоқати ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда катта аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман.

Миллатараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш кўпмиллатли Ўзбекистоннинг асосий шиорларидан бири, деб биламан. Чунки ҳар бир давлатда тинчлик, бирдамлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик ҳукмронлик сурмаса, бу давлатнинг келажаги буюк бўлмайди. Мазкур йўналишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва Қозоғистон халқи Ассамблеяси ҳамкорликда кўпгина ишларни амалга оширмоқда. Масалан, 2019 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтган «Ўрта Осиё - умумий уйимиз» деб номланган халқаро конференцияда бир гуруҳ қозоғистонлик ижтимоий-сиёсий арбоблардан ташкил топган делегация ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси биносида Қозоғистон ўзбекларининг халқ оғзаки ижоди «Ҳой-ҳой ўлан, жон ўлан» фольклор китобини тақдимоти ўтказилди. Тошкент шаҳридаги «Халқлар дўстлиги» концерт саройида Қозоғистон ва Ўзбекистон саньат усталари иштирокида «Дўстлик тароналари» деб номланган катта концерт дастури намойиш этилди. Қозоғистон ўзбеклари этно-маданий бирлашмалари «Дўстлик» ҳамжамияти ва Ўзбекистон Республикаси қозоқ миллий маданияти маркази билан ҳамкорликда икки давлатнинг ёзувчи ва шоирларининг ижодий кечалари мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, Президент Шавкат Мирзиёвнинг Олий Мажлисга  Мурожаатномаси кўп миллатли қардош Ўзбекистоннинг  равнақи, гуллаб яшнаши учун муҳим тарихий ҳужжат бўлди.

?кром ҲОШ?МЖОНОВ,

Қозоғистон ўзбеклари этно-маданий бирлашмалари

"Дўстлик" ҳамжамияти раиси.

“Дунё” АА,

Олма-ота.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net