Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси: "Дўст бошга кулфат тушганда билинади"

07.02.2020 15:38

ТОШКEНТ, 7 февраль. /"Дунё" АА/. Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним “Дунё” АА мухбирига мамлакатда коронавирус эпидемияси тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда бу борадаги Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги тўғрисида сўзлаб берди.

- Фурсатдан фойдаланиб, Хитойда коронавирусга қарши курашиш билан боғлиқ вазият тўғрисида хабар бермоқчиман, - деди Цзян Янь хоним. - Давлатимиз коронавирус келтириб чиқарган эпидемиянинг олдини олиш ва унга барҳам беришга катта аҳамият бермоқда. Раис Си Цзиньпин шахсан икки марта ХКП МК Сиёсий бюроси Доимий қўмитасининг эпидемияга қарши курашиш масалаларига бағишланган йиғилишларини ўтказди ва Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцян бошчилигидаги бошқарув гуруҳини тузиш бўйича топшириқ берди.

Хитой ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш механизмларини қўллаш, касалликка энг кўп чалинганлар аниқланган Ухань шаҳрида янги касалхоналар қуриш ва мавжудларини қайта жиҳозлаш, Уханни қўллаб-қувватлаш учун мамлакат бўйлаб тиббий ресурсларни жалб қилиш, вакцина яратиш каби кенг қамровли ва мисли кўрилмаган даражада қатъий чораларни кўрмоқда.

Мазкур чора-тадбирлар ижобий натижалар бермоқда. Масалан, мамлакатимизнинг баъзи провинцияларида вирус юқтирган одамлар сони аллақачон пасайишни бошлади. Хусусан, 6 февраль ҳолатига кўра 1 минг 557 киши касалхонадан оилалари бағрига қайтди. Бу коронавирус туфайли келиб чиққан пневмонияни олдини олиш, уни локализация қилиш ва даволаш мумкинлигини англатади. Шу боис ваҳима қилиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан таъкидланганидек, “халқаро қатновлар ва савдо-сотиққа кераксиз равишда халал берадиган чоралар қўллаш керак эмас.

Профилактика қилиш зарур, аммо ҳаддан ташқари ҳаракатлардан сақланмоқ даркор".

Ваҳимага тушиш вируснинг ўзидан-да ёмонроқ. Умид қиламизки, дунё мамлакатлари ЖССТ тавсияларига асосланган ҳолда Хитой ҳукуматининг эпидемияга қарши самарали курашиш, одамлар ўртасидаги мулоқот ва амалий ҳамкорликка сунъий тўсиқлар қўймаслик бўйича саъй-ҳаракатларини тўғри тушунади ва уларни қўллаб-қувватлайди. Чунончи, Хитойда эпидемияга қарши олиб борилаётган кураш соғлиқни сақлаш соҳасидаги глобал хавфсизликни таъминлашга ҳисса қўшмоқда.

Ўзбекистонлик ҳамкорларимиз бизни эпидемияга қарши курашишда тўла қўллаб-қувватламоқда. Президент Шавкат Мирзиёев Раис Си Цзиньпинга мактуб йўллади. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Олий Мажлис, Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари Хитой томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватламоқда.

Биз шундай мураккаб вазиятда оддий ўзбекистонликлар томонидан ҳам эътибор ва ғамхўрликни ҳис қилмоқдамиз. Масалан, Гуанчжоу шаҳрида таҳсил оладиган ва шу кунлари Ватанида таътилда бўлиб турган ўзбекистонлик талаба тиббий ниқоблар ва дори-дармонларни сотиб олиб, уларни Хитойга шахсан олиб келди.

Ухань ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида истиқомат қиладиган ўзбекистонликлар Хитой халқини қўллаб-қувватловчи видеолавҳалар суратга олди. Дўст бошга кулфат тушганда билинади.

Бу таъсирчан кунларнинг барчаси Хитой-Ўзбекистон муносабатлари тарихига битилади.

?шончим комилки, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан ушбу эпидемия устидан ғолиб чиқамиз.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net