Хитойдан келган дастлабки чартер рейсда фуқароларимиз кутиб олинди

04.02.2020 17:18

ТОШКЕНТ, 4 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон фуқароларини Хитой ҳудудларидан олиб келиш учун чартер рейслар ташкил этилди. Айни пайтда Пекиндан парвоз қилган дастлабки рейс Тошкентга етиб келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига асосланиб.

Рейсга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий текшириш институтининг юқумли касалликлар бўйича тажрибали мутахассис ва эпидемиолог-шифокорлари ҳамроҳлик қилди. Улар йўловчиларни самолётга чиқиш пайтида дастлабки тиббий кўрикдан ўтказди.

Хитойдан олиб келинган ватандошларимиз коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, хавфсиз санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида махсус тайёрланган тиббиёт муассасасига жойлаштирилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосан, коронавирус инкубацияси даврини ҳисобга олган ҳолда, Хитойдан олиб келинадиган фуқаролар икки ҳафта давомида халқаро санитария-эпедимиология талаблари асосида қатъий карантинда сақланади. Ушбу даврда фуқароларимизда ҳарорат кўтарилиши ёки бошқа касаллик аломатлари юзага келганда, уларни зудлик билан бошқалардан ажратиш, махсус лаборатория текширувидан тўлиқ ўтказиш ҳамда даволаш ишларини стандартлар бўйича олиб бориш учун барча зарур чоралар кўрилган. Бу вақт мобайнида уларнинг оила-аъзолари билан учрашиши таъқиқланади. Яқинлари билан телефон орқали мулоқот қилишига рухсат берилади.

Маълумот ўрнида, ташкил этилган вақтинча карантин муассасаларида юқумли касалликлар бўйича малакали вирусолог, эпидемиолог ва бошқа етакчи шифокор-мутахассислар иш олиб бормоқда. Улар хавфли инфекцияларга қарши курашда ташхис қўйиш, даволаш ҳамда карантин тадбирларини ташкиллаштириш тажрибасига эга. Шифокорлар карантин муассасасида белгиланган муддат якунига етгунга қадар фаолият олиб боради.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net