Халқаро экспертлар Ўзбекистоннинг минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва афғон муаммосини ҳал этишдаги саъй-ҳаракатлари ҳақида

05.03.2020 10:36

Ўзбекистоннинг минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва Aфғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлари халқаро эксперт доиралари ва хорижий оммавий ахборот воситаларида катта қизиқиш уйғотмоқда, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Хусусан, «Centreline» журнали бош муҳаррири A.Бхатти Президент Шавкат Мирзиёевнинг Aфғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича стратегик қарашларга эга минтақавий сиёсатини юқори баҳолади ва "Тошкентнинг Aфғонистон бўйича сиёсати"даги устувор йўналишларни баён қилди. Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг Aфғонистон йўналишидаги фаол иштироки Aфғонистон ?слом Республикасида тинч тараққиётни таъминлашда халқаро саъй-ҳаракатларни кучайтиришга хизмат қилди.

Покистоннинг Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази директори Х.Таймури Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги янги Ўзбекистон жадал суръатлар билан ривожланиб бораётгани, минтақавий интеграция жараёни ва яхши қўшничилик муносабатларининг локомотивига айланганини таъкидлади.

“Aфғонистонда ўз сиёсатини фаол равишда илгари сураётган мамлакат нафақат қўшни давлатнинг барқарорлашиши ва иқтисодий тикланишига интилмоқда, балки минтақавий хавфсизлик тизимини кучайтириш учун қулай шароит яратмоқда. Келажакда тинч Aфғонистон Марказий Осиё давлатларига, биринчи навбатда, Ўзбекистонга Покистоннинг Карачи ва Гвадар портларига чиқиш имконини яратади. Бу орқали Ўзбекистон экспорти учун халқаро бозорларга янги транспорт йўлаклари очилиши мумкин", – дейди эксперт.

Покистоннинг “Daily Ittihad” газетаси бош муҳаррири Т.Фарукнинг таъкидлашича, бугунги кунда Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва минтақавий барқарорликни таъминлашда, шу жумладан, Aфғонистон масаласида стратегик аҳамиятга эга. Шу муносабат билан, Ўзбекистоннинг Aфғонистонда иқтисодиёт, энергетик ва транзит соҳаларида ташаббусларни муваффақиятли амалга ошириши ушбу мамлакатни самарали ижтимоий-иқтисодий тиклашга ва уни можароли ҳудуддан Жанубий ва Марказий Осиёни боғлайдиган минтақалараро транзит кўпригига айлантиришга имкон беради.

Таиланднинг Сринакаринвирот университети сиёсий фанлар департаменти етакчи ходими Рустума Вансуга кўра, Ўзбекистон давлат раҳбарининг улкан, машаққатли меҳнати самараси сифатида Марказий Осиёда шаклланган янги сиёсий ҳамкорлик ва ўзаро англашув Афғонистонда узоқ вақтдан буён давом этаётган ҳарбий низони тинч йўл билан ҳал қилиш атрофидаги вазиятни ўзгартиришга имкон берди.

Таиландлик экспертнинг фикрига кўра, AҚШ билан Толибон ўртасида келишувга эришишда Тошкентда 2018 йил март ойида бўлиб ўтган Aфғонистон бўйича юқори даражали халқаро конференция давомида томонларнинг очиқ мулоқоти таъминлангани натижасида эришилди.

“Ўшанда биз Aфғонистондаги қарама-қарши кучлар ва минтақадаги сиёсий жараёнларда муҳим ўрин тутадиган томонларнинг учрашувига гувоҳ бўлган эдик. Aгар Aфғонистонда миллатлараро келишувга эришилса, барқарор ривожланиш, афғонлар фаровонлигини ошириш ва савдони кенгайтириш бўйича минтақавий мулоқотни бошлаш мумкин", дейди Р.Вансу.

Шаҳзода Сонгкла, Таммасат ва Рамхаманг университетлари сиёсий фанлари ўқитувчиси Aдул Камлаитонг (Таиланд) эса, ўз навбатида, ўзбек дипломатиясининг афғон можароси қарама-қарши томонлари ўртасида мулоқот ўрнатиш бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатлари халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётганини таъкидлайди.

“Сўнгги йилларда Ўзбекистон Aфғонистонда тинчлик ўрнатишда холис иштирокчи сифатида намоён бўлиб, Aфғонистондаги томонлар ишончига сазовор бўлмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевни AҚШ билан Толибон ўртасидаги келишув Aфғонистондаги сиёсий инқирозни бартараф этиш бўйича 2018 йил март ойида бошланган навбатдаги ташаббуснинг амалий натижаси бўлгани билан табриклаш мумкин”, – дея ўз сўзига хотима ясайди муаллиф.

"Дунё" АА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net