Ўзбекистоннинг хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги тажрибасига доир ахборот БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг ра

10.03.2021 12:51

НЬЮ-ЙОРК, 10 март. /«Дунё» АА/. БМТ қароргоҳида Ўзбекистоннинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш доирасида хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича тажрибаси тўғрисидаги ахборот БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ҳужжат БМТнинг барча расмий тилларида чоп этилиб, аъзо давлатлар орасида тарқатилди, шунингдек А/75/773 рақами остида ташкилотнинг Расмий ҳужжатлар тизимига жойлаштирилди.

Унда Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва меъёрлари, шунингдек, миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда хотин-қизлар ҳуқуқларига риоя этиш, тарғиб ва ҳимоя қилишни тизимли ва изчил равишда таъминлаётгани таъкидланган.

Хусусан, сўнгги тўрт йил мобайнида янги Ўзбекистон республика ижтимоий, иқтисодий ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида очиқлик ва конструктив ҳамкорлик сиёсатини олиб бормоқда. Республика ҳукумати фаолиятининг устувор йўналишлари қаторига хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ва жамоат тузилмаларида улар иштирокини кенгайтириш, шунингдек, замонавий ишлаб чиқариш тармоқларида ва қишлоқ жойларда янги иш ўринлари яратиш орқали уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш киради.

Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари бўйича қўмита ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифаси гендер тенглигини таъминлаш, қонунчиликни такомиллаштириш ва бу соҳада парламент назоратини амалга оширишга қаратилган давлат сиёсатини юритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат. Бугунги кунда қўмита бу борадаги қонун ҳужжатлари ижросини тизимли равишда назорат қилиб бормоқда.

Бундан ташқари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилиб, улар фаолиятининг устувор йўналишлари қаторида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилавий, хусусий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ташкил этишда аёлларнинг иштирокини кучайтириш ҳамда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича уларнинг билим ва кўникмаларини шакллантириш каби вазифалар белгиланган.

 Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Олий Мажлис Сенати раиси раҳбарлигида Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини тузиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Ушбу Кенгаш фаолиятининг асосий устувор йўналишларидан бири, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бирга, БМТнинг “Хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенцияси қоидалари ва Пекин платформасини бажариш, Миллий ҳаракатлар режасини амалга оширишни мувофиқлаштиришдан иборат.

Миллий барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ, Ўзбекистонда 2030 йилгача гендер тенглигига эришиш стратегияси ишлаб чиқилган бўлиб, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган.

Фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотларнинг фаол иштирокида давлат сиёсатининг асосий йўналишларини ва давлат органларининг гендер тенглигини таъминлаш соҳасидаги ваколатларини белгиловчи “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинганига эътибор қаратилган.

Ҳужжатда, шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка ўқитиш тизимини жорий этиш, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга кўмаклашиш, уларга нисбатан зўравонликнинг турли шаклларининг олдини олиш борасида кўрилаётган қатор чора-тадбирлар санаб ўтилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net