Ўзбекистоннинг Хитойда бўлиб турган фуқаролари мамлакатимиз дипломатик ваколатхоналари эътиборида

30.01.2020 10:11

ПЕК?Н, 30 январь. /“Дунё” АА/. Хитойда янги турдаги коронавируснинг (2019-nCoV) тарқалиши билан боғлиқ мураккаб вазият дунё жамоатчилигининг диққат марказида турибди. Хитой Халқ Республикаси ҳукумати томонидан кўрилаётган тезкор ва қатъий чора-тадбирларга қарамасдан, мамлакатда мазкур юқумли вирусга чалинганлар ва қурбонлар сони ортиб бормоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири Шуҳрат Умиров..

Касалликни юқтирган одамларнинг асосий қисми Хитой ҳудудида бўлса-да, Жанубий Корея, Таиланд, Непал, Вьетнам, Саудия Арабистони, Германия, Франция, АҚШ, Шри Ланка, Япония, Австралия ва яна бир неча мамлакатларда ҳам унга чалинганлар аниқланган.

Маълумотларга кўра, 30 январь ҳолатига дунё миқёсида ушбу вирусни юқтирганлар сони 7 минг 800 га яқин, қурбонлар сони эса 170 кишини ташкил этмоқда. Шунингдек, 133 кишини ушбу касалликдан даволашга эришилган, деб хабар қилинмоқда.

Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги юқумли касалликлар бўйича етакчи мутахассис Чшон Наньшин (Zhong Nanshan) фикрига таянган ҳолда, вирус тарқалиши ҳали энг юқори нуқтасига етмагани, юқумли касалликнинг тарқалиши ниҳоясига етишига узоғи билан ўн кун борлиги тўғрисидаги хабарни тарқатди.

Мухтасар қилиб айтганда, айни кунларда Хитойда мазкур вирус тарқалиши туфайли юзага келган мураккаб эпидемиология вазияти ҳукмрон бўлиб турибди. Шу боис. Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсат маҳкамаси томонидан Хитойда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятни, ватандошларимиз соғлиғига бўлган эҳтимолий хавф-хатарларни ҳисобга олган ҳолда мамлакатимиз фуқароларига Хитойга хизмат юзасидан, саёҳат ва бошқа мақсадларда сафарга чиқишдан сақланиб туришлари қатъий тавсия этилгани бежиз эмас.

Хитойда коронавирус эпидемияси тарқалиши муносабати билан мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси ҳузурида штаб ташкил этилган.

 Ушбу штаб томонидан коронавирус тарқалишининг ўчоғи ҳисобланган Хубэй провинцияси ва Хитойнинг бошқа минтақаларида юзага келган аҳволни мониторинг қилиш ҳамда Ўзбекистон фуқароларига ҳар томонлама кўмак кўрсатиш юзасидан изчил ишлар олиб борилмоқда.

Хубэй провинциясидаги Ўзбекистон фуқаролари, асосан, мазкур провинциянинг турли олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалардан иборат. Жорий йил 29 январь ҳолатига кўра, Хубэй провинциясида 81 нафар мамлакатимиз фуқароси қолган. Ўзбекистонлик талабаларнинг аксарияти январь ойи иккинчи ярмининг бошида Хитойдаги Янги йил байрами муносабати билан Ўзбекистонга таътилга жўнаб кетган.

Штаб аъзолари ҳамда мамлакатимизнинг Шанхайдаги Бош консуллиги ходимлари нафақат Хубэй провинцияси, балки бутун мамлакат ҳудудидаги Ўзбекистон фуқаролари билан доимий алоқада бўлиб турибди. Ухань шаҳрида қолган талабаларимиз аҳволи билан боғлиқ вазиятни мунтазам кузатиб бориш, уларга консуллик-ҳуқуқий ва бошқа амалий ёрдам кўрсатишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Энг муҳими, Хитойда ўзбекистонлик талабаларнинг саломатлиги билан боғлиқ ҳеч қандай шикоятлар мавжуд эмас.

Мамлакатнинг карантин ҳолати жорий этилмаган ҳудудларидан юртдошларимизнинг Ўзбекистонга қайтишларига кўмаклашиш билан боғлиқ ташкилий ишлар мамлакатимизнинг Пекин ва Шанхай шаҳарларидаги дипломатик ваколатхоналари томонидан изчил амалга оширилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Хитойда кенг тарқалган оммабоп «Wechat» ижтимоий тармоғида ташкил этилган ахборот улашиш гуруҳлари, телефон қўнғироқлари воситасида кечаю-кундуз давомида Хитой ҳудуди бўлиб турган ўзбекистонликларнинг бирорта ҳам мурожаати эътиборсиз қолдирилмаяпти. Штаб томонидан Ухандаги ўзбекистонликларгагина эмас, балки бошқа провинцияларда бўлиб турган юртдошларимизга ҳам озиқ-овқат, антисептик воситаларга тақчиллик сезилган тақдирда ХХР Ташқи ишлар вазирлиги ва Хубэй провинцияси маъмуриятига расмий мурожаатлар воситасида, шунингдек, ҳомийлар кўмагида зарур маҳсулотларнинг зудлик билан етказиб берилиши ташкил этилмоқда.

Карантин эълон қилинган ҳудудлардаги юртдошларимизга мазкур шаҳарларга кириш-чиқишнинг таъқиқланиши хавфли эпидемиянинг бошқа минтақаларга, шу жумладан, чет элларга ҳам тарқалиб кетишининг олдини олиш, касалликни унинг ўчоғидаёқ бартараф этиш мақсади билан изоҳланиши юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, ҳозирча дунёнинг бирорта ҳам мамлакатида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам янги турдаги коронавирусни даволаш имконияти мавжуд эмаслиги боис ўзларининг тиббий хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратишлари зарурлиги, коронавирус ўчоғи ҳисобланган Хубэй провинциясида Хитой ҳукумати ушбу эпидемия ва унинг асоратларини бартараф этиш, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча зарур чора-тадбирларни кўраётгани, мазкур жараёнга юқори малакали таббиёт мутахассислари, дори-дармон препаратлари, диагностика ва даволаш дастурлари, лозим даражадаги моддий ресурслар жалб этилгани (27,3 миллиард юан ёки 3,96 миллиард доллар), мамлакат ҳукумати бу борада Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти билан яқин ҳамкорликда иш олиб бораётгани, хорижий мамлакатлар томонидан ҳам тегишли кўмак кўрсатилаётгани юртдошларимизнинг эътиборига ҳавола этилмоқда. Шунингдек, Хитой ҳукумати расмийларининг янги вирусга даво топиш ҳақидаги баёнотлари мазмуни билан ҳам таништирилмоқда.

Алоҳида қайд этиш керакки, элчихона ҳузурида ташкил этилган штабга мурожаатларнинг аксарияти талабаларнинг Ўзбекистонга қайтиб кетиш учун ҳаво қатновлари, Хитой визаси муддати тугаши муносабати билан ёрдам кўрсатиш, ҳозирги вазиятда қандай йўл тутиш бўйича маслаҳат олиш сингари масалалардан иборат бўлмоқда. Штаб томонидан бирорта ҳам мурожаат эътиборсиз қолдирилмагани ҳолда барчасига атрофлича жавоб, маслаҳат ва амалий кўмак кўрсатилмоқда.

Бундан ташқари, Хитойда қолган юртдошларимиздан хавотир олаётган ота-оналар ҳам штаб аъзоларига Телеграмм, ?мо сингари хабар узатиш тармоқлари орқали фарзандларига ёрдам берилиши юзасидан Ўзбекистондан ёзма ва овозли мурожаатларни йўллашмоқда. Уларнинг барчасига тезкорлик билан жавоб берилмоқда.

Штаб аъзолари Ухань шаҳрида бўлиб турган мамлакатимиз фуқароларига ҳар томонлама кўмак кўрсатилиши юзасидан Хитойнинг мутасадди вазирлик ва идоралари, Хубэй провинцияси маъмурияти билан доимий алоқада бўлиб турибди.

Бироқ ана шундай ишлар олиб борилаётганига қарамасдан, айрим ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси ва Шанхайдаги Бош консуллиги гўё Ухандаги ўзбек талабалари атрофидаги вазиятга эътибор қаратмаётгани, уларнинг муаммоларига бепарво бўлаётгани қабилидаги нохолис маълумотлар тарқатилгани ҳоллари ҳам рўй берди. Буларга жавобан, Хитойнинг турли ҳудудларида, шу жумладан, Ухань шаҳрида бўлиб турган ўзбекистонлик талабалар нотўғри баёнотларни рад этадиган бир неча видео ва аудио мурожаатларни ижтимоий тармоқларда эълон қилди. Ҳиссиётга берилган ҳолда бир томонлама фикрлари билан  ижтимоий тармоқларда нотўғри маълумот тарқатаётган талабаларга штаб аъзолари томонидан масаланинг туб моҳияти вазминлик билан тушунтирилмоқда, мамлакатимиз дипломатия ваколатхоналари ҳеч бир ўзбекистонлик тақдирига асло бефарқ эмаслиги амалий саъй-ҳаракатлар билан ифода қилинмоқда.

Ўзбекистоннинг Хитойдаги дипломатия ваколатхоналари томонидан ушбу мамлакатда ҳукм сураётган эпидемиологик вазиятни атрофлича ва синчиклаб мониторинг қилиш ҳамда юртдошларимизга  ҳар томонлама кўмак кўрсатишга қаратилган ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net