Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Хуршид Мирзоҳидов: Олий даражадаги Ўзбекистон-Қирғизистон саммити ўзаро ҳамкорликни янада жадал р

10.03.2021 12:50

 

ТОШКЕНТ, 10 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Қирғизистон - бугун Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан ёнма-ён туриб, минтақанинг дунё миқёсидаги салоҳияти ва обрўсини мустаҳкамлаётган яхши қўшнилар ва ишончли шериклардир. "Дунё" АА мухбири Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Хуршид Мирзоҳидов билан икки мамлакат пандемиянинг салбий таъсирига қарши биргаликда курашаётгани ва ушбу синовли ва мураккаб даврда ҳамкорликда қандай натижаларга эришаётгани ҳақида суҳбатлашди.

- Хуршид Мирсобирович, Сиз яқинда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси сифатида иш бошладингиз. Фаолиятингизда биринчи навбатда нималарга эътибор бераётганингиз, Қирғизистонда мамлакатимиз ҳаётида амалга оширилаётган янгиланиш жараёнига қандай муносабатда бўлинаётгани ҳақида сўзлаб берсангиз.

- Мен мамлакатимиз дипломатик миссияси раҳбари вазифасини бажаришга 2020 йил май ойининг охирида киришдим. Бу икки мамлакат ҳам коронавирус пандемиясига дуч келган пайтга тўғри келди.

Ушбу даврда Ўзбекистон раҳбарияти биродар Қирғизистон халқига ёрдам қўлини узатган эди. Қўшни мамлакатга бир неча марта озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, шахсий ҳимоя воситалари ва тиббий асбоб-ускуналардан иборат инсонпарварлик юклари юборилди. Бундан ташқари, коронавирусга чалинган фуқароларни қабул қилиш учун Бишкек шаҳри, Чуй вилояти ва Боткен вилоятининг Қадамжой туманида Ўзбекистон маблағлари ҳисобидан тўлиқ жиҳозланган модулли шифохоналар бунёд этилди.

Ўз навбатида, Қирғизистон раҳбариятига ҳам нафақат коронавирус пандемияси билан боғлиқ, балки ўтган йил май ойида тўғон бузилиши оқибатида юзага келган табиий оқибат муносабати билан Сардоба ва унинг атрофидаги қишлоқлар аҳолисига жавоб ёрдами кўрсатгани учун миннатдорлик билдирамиз.

2020 йил синовларга бой бўлганига қарамасдан, Ўзбекистон-Қирғизистон алоқалари изчил ривож топди. Қирғизистонликлар республикамиздаги янгиланиш жараёнини катта қизиқиш билан кузатмоқда. Бу, авваламбор, халқларимизнинг этник, географик ва маданий яқинлигига боғлиқ. Шуни эътироф этиш жоизки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар нафақат Ўзбекистонга, балки қўшни давлатлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳам катта таъсир кўрсатмоқда. Давлатимиз ташқи сиёсатининг бош устувор йўналиши айнан Марказий Осиё мамлакатлари билан дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Ушбу ислоҳотлар самарасини сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо алоқалари жадал ривожланиб бораётгани, ўзбек бизнеси вакиллари Қирғизистон бозорига дадил кира бошлагани, маданий-гуманитар алоқалар янада мустаҳкамланаётгани, олий ва юқори даражалардаги ўзаро ташрифлар мунтазам равишда ташкил этилаётганида ҳам кўриш мумкин. Барчамиз Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифини кутмоқдамиз, бу икки давлат ўртасидаги дўстона ва стратегик алоқаларнинг ўзига хос тасдиғи бўлади.

- Бир неча йил аввал мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда ҳал қилинмаган масалалар мавжуд бўлиб, улар умумий минтақамиз фаровонлиги ва равнақи йўлида самарали ҳамкорлик қилишга халал берганини биламиз. Айтингчи, бугунги вазият қандай?

- Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг кўплаб муаммоли жиҳатларига ечим топилди. 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида турли муҳим соҳаларда ҳамкорлик фаоллашиши билан бир қаторда давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокаралар жараёни узлуксиз давом эттирилмоқда. Натижада биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида томонлар Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасининг қарийб 85 фоизи бўйича келишувга эришди.

Ўтган йили август ойида Тошкентда ва декабрь ойида Бишкекда икки давлат ҳукуматлараро комиссияларининг давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича йиғилишлари бўлиб ўтди. Давлат чегараси бўйича келишув якуний босқичга чиқмоқда.

Трансчегаравий сув ва сув иншоотлари, чегараолди ҳудудларидаги яйловлардан фойдаланиш масаласи ҳам нафақат Қирғизистон, балки бутун минтақа билан ўзаро алоқалар учун муҳим бўлиб қолмоқда. Ҳозирги вақтда биз Сув хўжалиги бўйича комиссия тўғрисидаги низомни мувофиқлаштириш ва тасдиқлаш бўйича ишларни фаоллаштириш, дарё ва каналларни тозалаш бўйича тадбирларни амалга ошириш учун чегараолди вилоятлари сув хўжалиги ташкилотлари вакилларидан иборат доимий қўшма ишчи гуруҳлар тузиш, яйлов чорвачилигини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича аниқ натижаларга эришиш учун ҳукуматлараро музокаралар ўтказиш, икки мамлакат ваколатли органлари ўртасида яйловлардан фойдаланишни ташкил этиш тўғрисидаги Битимни имзолашни таклиф қилаяпмиз.

Мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар, айниқса, чегараолди минтақалариаро муносабатлар сезиларли даражада фаоллашди. 2017 йилда Ўзбекистоннинг чегараолди вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон ҳукуматининг чегараолди вилоятлардаги ваколатли вакиллари Кенгаши ташкил этилгани бунга сезиларли ҳисса қўшган муҳим воқеалардан бири бўлди.

- Сиз Қирғизистонда бевосита фаолият олиб бораётганингиз сабабли мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини аниқ белгилашда таклифлар бериш имкониятига эгасиз. Шу маънода, ўзаро иқтисодий алоқалар ва сармоявий шерикликни фаоллаштириш учун яна нималарга эътибор қаратиш керак, деб ўйлайсиз? Қандай минтақавий ташаббуслар мамлакатларимиз ва, умуман, Марказий Осиё салоҳиятини ҳар томонлама мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин?

- Салоҳияти тўлиқ очилмаган кўплаб истиқболли йўналишлар мавжуд, мен уларнинг энг асосийларини санаб ўтаман.

Биринчидан, бу йўловчилар ва товарлар транзитини ривожлантириш. Бугун ушбу йўналишда изчил ўзгаришлар кузатилмоқда, яъни тўғридан-тўғри парвозлар ва умумий чегарада назорат пунктлари сони кўпайтирилмоқда.

?ккинчидан, Қирғизистон ҳудудида қўшма савдо уйлари очиш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида биргаликдаги корхоналарни барпо этиш, маҳсулотларни ЕО?? мамлакатлари, биринчи навбатда, Россия ва Қозоғистон бозорларига олиб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.

Учинчидан, Қирғизистон ҳудудидан Хитойга қўшимча транзит йўлаги сифатида фойдаланиш. Барча иштирокчилар томонидан Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш лойиҳаси бўйича келишувга эришишни тезлаштириш зарур. Ушбу йирик лойиҳани амалга ошириш ички савдонинг ўсиши, Марказий Осиё ва, айниқса, Ўзбекистоннинг шарқдан ғарбга йўналтирилган қулай ва фойдали транзит бўғини сифатидаги жозибадорлигини оширишга ёрдам беради.

Тўртинчидан, Қирғизистон бозорида мамлакатимиз саноат ва қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик, электротехника, пойабзал маҳсулотлари, тиббиёт жиҳозлари сотиш имкониятларини кенгайтириш. Географик жиҳатдан яқинлиги ва маҳсулотлар нархининг нисбатан арзонлиги сабабли Ўзбекистон маҳсулотлари бошқа мамлакатлар товарлари билан муваффақиятли рақобатлаша олади ҳамда улар Қирғизистон бозорида бугун кенг тарқалмоқда.

Бешинчи йўналиш - саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришдан иборат. Бу мазмундаги ҳамкорлик истиқболлари 2020 йил 8 декабрь куни Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган Чегараолди ҳудудлари раҳбарлари кенгашининг 3-йиғилиши доирасида келишиб олинди. Бу Қирғизистонга Ўзбекистон билан чегарадош учта жанубий вилоятларнинг (Боткен, Жалолобод ва Ўш) ривожланишини таъминлаш, ички бозорни арзон товарлар билан тўлдириш ва қўшма корхоналар яратиш орқали ўз саноатининг ўсишини тезлаштиришга имкон беради.

Сармоявий ҳамкорликка келсак, Ўзбекистонда яратилаётган қулай имкониятлар, тақдим этилаётган имтиёзлар сўнгги пайтларда хорижлик тадбиркорлар диққатини тортмоқда. Мамлакатимиз ишончли иқтисодий ва сармоявий шерик сифатида қабул қилинмоқда. Ўзбекистоннинг ўзи ҳам Марказий Осиё давлатлари иқтисодий тармоқларига сармоя киритишга қодир. Тадбиркорларимиз қўшни давлатнинг истиқболли соҳаларига маблағ йўналтиришни фаоллаштириши керак, деб ҳисоблайман. Биз Қирғизистонга саноат секторини ривожлантиришда ёрдам беришимиз зарур.

Марказий Осиёдаги минтақавий ташаббуслар тўғрисида шуни айтишим мумкинки, биз "Бир макон, бир йўл" ташаббуси доирасида қуруқликдаги портлар, логистика ва улгуржи тарқатиш марказларининг яхлит тармоғини шакллантириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришимиз керак. Бугунги кунда Марказий Осиё Буюк ипак йўли давридаги каби яна бир бор Европа ва Осиё ўртасидаги савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит йўлакларининг марказига айланиши мумкин.

- Халқларимиз тарихи ва маданияти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ, улар бугунги кунда дўстлик ва шериклик муносабатларини ривожлантириш учун ишончли асосдир. Ўзбекистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб фуқаролар яшайди. Сўнгги йиллардаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда халқ дипломатияси қардош мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликка қандай таъсир кўрсатмоқда?

- Баъзи рақамларга кўра, Қирғизистонда яшовчи ўзбеклар сони миллионга яқин кишини ташкил қилади. Бу жуда катта кўрсаткич. Шу муносабат билан Қирғизистон билан яқин дўстлик ва шериклик муносабатларини ривожлантириш биз учун асосий устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистондаги қирғиз диаспораси ҳам 300 мингга яқин кишини ташкил қилади. Халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашнинг ёрқин мисолларидан бири Жиззах вилоятидаги этник қирғизлар яшайдиган Манас қишлоғини тўлиқ қайта таъмирлангани бўлди. Бунинг натижасида мазкур аҳоли пункти Ўзбекистонда замонавий қишлоқларнинг ёрқин намунасига айланди.

Шуни таъкидлаш керакки, Қирғизистоннинг ўзбек миллатига мансуб аҳолиси ҳам икки мамлакат ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Масалан, Қирғизистон Миллий Ёзувчилар уюшмаси Президиуми аъзоси Бегижон Аҳмедов томонидан ёзилган "Дербиш" ("Сайёҳ") асари қирғиз тилига таржима қилинган ва Қирғизистонда "2020 йилнинг энг яхши китоби", деб тан олинди.

Бундан ташқари, бугунги кунда элчихонамиз халқларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Қирғизистоннинг турли жамоат ташкилотлари ва 2018 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масаласида иш олиб бормоқда. Бундай алоқалар мамлакатларимиз фуқароларини янада яқинлаштиришга, шунингдек маданий-гуманитар, иқтисодий ва бошқа соҳаларда тажриба алмашишга имкон беради.

Қирғизлар ва ўзбеклар асрлар давомида ёнма-ён яшаб келмоқда, бизни ягона тарих, маданият, анъаналар, дин ва тил боғлайди. Ҳозирда Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари томонидан халқларимиз эришган барча ютуқларни сақлаб қолиш ва янада бойитиш учун барча шароитлар яратилган.

- Давлатимиз раҳбари биринчилардан бўлиб Садир Жапаровни 10 январь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклади. Кейин Қирғизистон оммавий ахборот воситалари Қирғизистоннинг янги Президенти тез кунларда Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштираётгани ҳақида хабарлар тарқатди. Олий даражадаги Ўзбекистон-Қирғизистон саммитидан нималар кутилмоқда, бу мамлакатларимиз ва минтақадаги бошқа шериклар учун қандай истиқболларни очиши мумкин?

- Дарҳақиқат, Ўзбекистон Президенти Садир Жапаровни Президент сайловидаги ғалабаси муносабати билан самимий табриклади. Шуни таъкидлаш керакки, ўтган йил октябрь воқеаларидан сўнг Садир Жапаров Бош вазир лавозимини эгаллаганида, уни биринчи бўлиб Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов табриклаган эди. Бу давлатлараро муносабатларимизнинг амалдаги юқори даражасини намойиш қилмоқда.

11-12 март кунлари Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров Ўзбекистонга биринчи давлат ташрифини амалга оширади. Ушбу воқеа давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар тарихида янги саҳифани очади. Биз Қирғизистон ушбу тадбирга сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини ҳал қилиш имконияти сифатида катта аҳамият бераётганини кўраяпмиз.

Ташриф якунлари бўйича икки давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, шунингдек, идоралараро, айниқса, савдо-иқтисодий соҳада битим ва шартномалар имзолаш режалаштирилган. Ушбу тадбирдан сўнг ўзаро савдо айланмаси, экспорт ҳажми сезиларли даражада ошиши, шунингдек, Қирғизистон иқтисодиётига ўзбек инвестициялари ва Ўзбекистон иқтисодиётига қирғиз сармоялари янада кўпроқ ҳажмда жалб қилинишига ишончим комил.

Шуни ҳам таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон ва Қирғизистон БМТ, МДҲ, ШҲТ, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, бошқа халқаро ташкилотлар ва минтақавий тузилмалар аъзолари сифатида кўп қиррали шаклда ҳам муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқда. Яқинда Евроосиё ?қтисодий ?ттифоқида кузатувчи мақомини олган Ўзбекистон  Қирғизистоннинг ушбу интеграция бирлашмасидаги тажрибасига қизиқиш билдирмоқда.

Умуман олганда, Президент Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи, ишончим комилки, нафақат икки томонлама, балки бутун Марказий Осиё минтақасида ҳамкорликни янада жадал ривожлантиришга туртки беради.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net