Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси ватандошларга мурожаат қилди

05.03.2020 10:37

ТОШКЕНТ, 5 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси В.Фен ватандошларга мурожаат йўллади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Ташқи ишлар вазирлиги манбасига таяниб.

Ассалому алейкум, азиз ватандошлар!

Бугун Корея Республикасида вақтинча ва доимий равишда истиқомат қилиб келаётган барча юртдошларимизга мурожаат қилмоқчиман.

Ҳозирги кунда Кореяда муаммо туғдираётган коронавирус туфайли фуқароларимиз хавотирга тушганидан хабарим бор.

Корея Республикаси ҳукумати коронавирус билан курашиш учун бошқа давлатларга нисбатан жадал равишда масъулият билан, замонавий тиббиёт технологияси ва илғор тажриба асосида вирусга чалиниш ҳолатларини қисқа муддатда аниқлаш ва уларни даволаш бўйича барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

Ҳозирги кунда беморлар сони кўпайиб бормоқда, аммо яқин келажакда Корея Республикаси ҳукумати ва тиббиёт соҳаси мутахассислари вирус тарқалишининг камайишига ва унинг хавфини кескин камайтиришга ишонч билдирмоқда.

Бундай вазиятда Ўзбекистон фуқароларини ташвишга тушмасдан хотиржамлик сақлашга чақираман. Шу билан бирга, одамлар йиғиладиган тадбир ёки жойларга бормасликни, ушбу вирусга қарши курашиш учун тавсия этилган эҳтиёт чораларини қатъий бажаришингизни сўрайман.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги иқтисодий ва дўстона ҳамкорлик хар қачонгидан хам юқори суръатларда ривожланмоқда. Яқин ҳамкорлик сабаб фуқароларимизнинг ушбу мамлакатда қулай шароитда таълим олишлари ва меҳнат фаолиятларини амалга оширишлари таъминланмоқда.

Корея Республикасида инсон ҳаётига таҳдид солаётган коронавируснинг хавфи сақланиб қолаётган бир пайтда, мен, сиз азиз фуқаролардан, саросимага тушмасликни ҳамда юқорида қайд этилган барча тавсияларга қатъий амал қилишингизни яна бир бор сўраб қоламан.

Муҳтарам юртдошлар,

Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонаси коронавирус сабабли пайдо бўлаётган муаммоларни тезкорликда бартараф этиш учун 24 соатлик иш тартибига ўтказилганини қайд этишни истардим. Шу боис, исталган вақтда биз билан алоқага чиқишингиз мумкин.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга сиҳат-саломатлик ва хотиржамлик тилайман.

Ҳурмат билан,

 Виталий ФЕН,

Ўзбекистон Республикасининг

Корея Республикасидаги

Фавқулодда ва мухтор элчиси

Президент Матбуот хизмати сурати

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net