Ўзбекистоннинг диний бағрикенгликни таъминлаш бўйича тажрибаси халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмоқда

13.03.2021 12:56

ТОШКEНТ, 13 март. /"Дунё" АА/. Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида "Диний бағрикенгликни таъминлаш ва экстремизмга қарши курашиш асослари" мавзусида маъруза ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази директори ўринбосари Камол Комилов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари ?броҳим ?номов анжуман иштирокчилари ҳузурида сўзга чиқди.

Тадбирда ташқи сиёсат маҳкамаси марказий аппарати, шунингдек, видеоконференцалоқа воситасида республикамизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик идоралари ходимлари қатнашди.

Маърузачилар Ўзбекистон азалдан турли маданиятлар ва динлар вакиллари тинч ва ҳамжиҳатликда яшаб келган ва яшаётган замин эканини таъкидлади. Меҳмондўстлик, қалб саҳовати ва чинакам бағрикенглик ҳар доим ўзбек халқига хос бўлиб, унинг менталитети асосини ташкил қилган.

2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг "Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар" ижроси доирасида бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 16 хил конфессияга мансуб 2 минг 300 дан ортиқ диний ташкилот рўйхатга олинган. Уларнинг 2 минг 113 таси ислом диний ташкилотлари бўлиб, жумладан, қарийб 2 минг 100 та масжид фаолият юритмоқда.

Республикада Халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти, “Мир Араб” олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, 10 та диний ўрта махсус ислом билим юрти, православ ва протестант семинариялари фаолияти йўлга қўйилган.

Сўнгги тўрт йилда ислом илм-фани ва маданияти, маънавий-маърифий меросини ҳар томонлама ўрганиш, халқаро ҳамжамиятни ислом динининг инсонпарварлик моҳияти билан таништириш мақсадида Тошкент шаҳрида ?слом цивилизацияси маркази, Самарқанд шаҳрида ?мом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илмий мактаби, Термизда ?мом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Қашқадарё вилояти Қарши туманида Абу Муин Насафий мажмуаси ташкил этилди.

2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида "Маърифат ва диний бағрикенглик" махсус резолюцияси қабул қилинди. Мазкур ҳужжат Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган ташаббусининг амалий ижроси бўлди.

Дунё ҳамжамияти эътиборини республикада диний экстремизм ва терроризм таҳдидларига қарши курашиш, "жоҳилликка қарши маърифат" деган эзгу ғоя асосида олиб борилаётган сиёсат ҳам жалб қилмоқда.

2017 йилда Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан 20 мингдан ортиқ фуқаро диний экстремистик ташкилотларда қатнашганликда гумон қилинганлар махсус рўйхатидан чиқариб ташланди. Уларни тинч ҳаётга қайтариш учун барча зарур чоралар кўрилди, ишга жойлашишда, ижтимоий ишларга жалб этишда ёрдам кўрсатилди.

2017 йилдан буён жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган, диний экстремистик йўлга кириб қолганидан чин дилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 4 минг киши афв этилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Меҳр-1”, “Меҳр-2”, “Меҳр-3” ва “Меҳр-4” инсонпарварлик операциялари доирасида 300 дан ортиқ фуқаро, асосан, аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги ҳарбий тўқнашувлар зонасидан Ватанга қайтарилди.

2020 йил декабрь ойида АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни махсус кузатув рўйхатидан чиқариб ташлади. Бу Ўзбекистон раҳбариятининг дин эркинлигини таъминлаш соҳасидаги изчил саъй-ҳаракатлари халқаро миқёсда эътироф этилганлигининг яна бир далили бўлди.

Анжуман якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net