Ўзбекистонда норезидентларга солиқ солиш тартиби тасдиқланиши мумкин

25.06.2020 16:12

ТОШКЕНТ, 25 июнь. /«Дунё» АА/. Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган «Трансферт нархини белгилашда солиқ назорати ва норезидентларнинг солиқ солиш маъмуриятчилигини такомиллаштириш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Қарор лойиҳасида қуйидаги вазифаларни тасдиқлаш белгиланган:

– Хорижий шахсларнинг даромад солиғини тўлаганлари юзасидан солиқ органини хабардор қилиш тўғрисидаги низом;

– Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса сифатида рўйхатдан ўтган норезидент-юридик шахснинг бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатларини чегириб ташлаш тартиби тўғрисидаги низом;

– хорижий давлатнинг резиденти билан ташқи савдо шартномаларига нисбатан нархни белгилаш тўғрисидаги битимни тузиш тартиби ҳақидаги низом;

– назорат қилинадиган битимлар тўғрисидаги хабарнома шаклларини тўлдириш тартиби тўғрисидаги низом;

– офшор юрисдикциялар рўйхати ва бошқалар.

Ушбу лойиҳа янги таҳриридаги Солиқ кодекси низомларини яхлит тарзда амалиётга татбиқ этишни таъминлаш, шунингдек, трансферт нархини белгилашда солиқ назоратини таъминлаш ва норезидентлар солиқ солиш маъмуриятчилигининг самарали тизимини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қарор қабул қилинган тақдирда чет эллик шахсга даромад тўлангани юзасидан солиқ органини хабардор қилиш тартиби ва шакли ҳам тасдиқланади.

Лойиҳада солиқ органлари солиқ қонунчилигига мувофиқ, солиқ тўловчиларни назорат қилинадиган битимлар тўғрисида хабардор қилиш тизимини жорий этиш кўзда тутилган.

Ушбу қарорнинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасида доимий муассасалари орқали фаолият кўрсатувчи хорижий юридик шахсларнинг бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатларини аниқлаш қоидаларини соддалаштиради.

Лойиҳа билан трансферт нархларини белгилашни қўллаш мақсадида офшор юрисдикциялар рўйхати тасдиқланади, шунингдек, ўзаро алоқадор шахслар ўртасидаги битимларнинг солиқ маъмуриятчилигини ва трансферт нархларини белгилашни назорат қилиш тартибга солинади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net