Ўзбекистон ва Ўмон Ташқи ишлар вазирлиги юридик хизматларининг маслаҳатлашуви бўлиб ўтди

19.08.2020 17:57

ТОШКEНТ, 19 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси ва Ўмон Султонлиги Ташқи ишлар вазирликларининг юридик хизматлари видеоконференция орқали икки томонлама ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини инвентаризация қилиш ва такомиллаштириш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги мухбири.

Ҳамкор томон делегациясига Ўмон Султонлиги Ташқи ишлар вазирлигининг ?кки томонлама келишувлар бўлими бошлиғи Яҳё бин Аҳмад ал-Дагийиши раҳбарлик қилди.

Экспертлар имзоланган икки томонлама ҳужжатлар инвентаризациясини ўтказди, шартномавий-ҳуқуқий базанинг жорий ҳолати кўриб чиқилди, шунингдек кўриб чиқаётган ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёни муҳокама қилинди.

Маслаҳатлашувлар давомида томонлар жорий йилнинг октябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Ўмон ҳукуматлараро комиссиясининг бўлажак мажлисида имзолашга эришиш учун божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро маъмурий ёрдам тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ҳамда Бандлик ва меҳнат ресурсларини ривожлантириш соҳасидаги идоралараро меморандум лойиҳаларини ишлаб чиқишни тезлаштиришга келишиб олдилар.

Ушбу масалаларни тезкор ҳал этиш учун икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари иштирокида ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида келишувга эришилди.

Шунингдек, томонлар халқаро қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштирок тўғрисида маълумот алмашилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net