Ўзбекистон ва Украина парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг биринчи қўшма мажлиси ўтказилди

07.10.2021 13:32

ТОШКЕНТ, 7 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Украина Олий Радаси парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг видеоконференция алоқаси воситасидаги биринчи қўшма мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Парламент юқори палатасидан маълум қилинишича, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов ҳамда Украина Олий Радаси Аграр ва ер сиёсати масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Степан Чернявский раҳбарлигида ўтган тадбирда икки мамлакат ҳамкорлик гуруҳлари аъзолари, шунингдек, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Курманов ҳамда Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Николай Дорошенко иштирок этди.

 Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари, шу жумладан, парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, биргаликда илмий-маърифий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Саноат кооперациясини ривожлантириш, хусусан, машинасозлик, фармацевтика ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш, шунингдек, транспорт-логистика инфратузилмасидан самарали фойдаланишдан икки мамлакат бирдек манфаатдор экани таъкидланди.

Томонлар икки мамлакат қонунчилик органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, қонун ижодкорлиги ва парламент назоратининг турли жиҳатлари юзасидан тажриба алмашиш муҳимлигини қайд этдилар. Парламентлараро, шу жумладан, халқаро парламентлараро ташкилотлар доирасида ҳамкорликни кучайтириш механизмлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Учрашувда муносабатларни парламентлараро дўстлик гуруҳлари форматида давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Парламент делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш ҳамда кун тартибини янги амалий мазмун билан тўлдириш юзасидан келишувга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net